21:58 / 18.02.2021
18816

АҚШда Трампга тегишли бўлган машҳур бинолардан бири бузиб ташланди (видео)

АҚШнинг Атлантик-Сити шаҳрида бир вақтлар Дональд Трампга тегишли бўлган меҳмонхона ва казино Trump Plaza йўналтирилган портлаш ёрдамида бузиб ташланди. Трамп томонидан қурилган 39 қаватли меҳмонхона 2014 йилда банкрот деб топилганди. 

Фото: inquirer.com

1984 йилда очилган ва Атлантикда сайёҳлар орасида машҳур бўлган бинони бузиш учун 3 мингта динамит талаб этилди ва 20 сония етарли бўлди. 

Таъкидланишича, шаҳардаги машҳур бинонинг бузилишини томоша қилгани кўплаб аҳоли келган. Шунингдек, яқин орадаги Caesar's меҳмонхонаси бинонинг портлатилишини томоша қилишни истаганларга меҳмонхонада қолиш учун чегирма ҳам таклиф қилган. 

Бузилган меҳмонхона ўз вақтида кўплаб шов-шувли бокс жанглари ва концертлар, кўплаб фильмлар учун ўзига хос майдонча вазифасини ўтаган. 

Трамп бинони 2009 йилда миллиардер Карл Айканга сотиб юборган, бироқ унда ўз исми ишлатилишидан даромад олиб юрган. 

Trump Plaza 2014 йилда ёпилган ва авариявий ҳолатда бўлган. Шаҳар маъмурияти бинони портлатишда қўлланган детонатор тугмасини босиш ҳуқуқини 1 млн долларга сотмоқчи бўлган, бироқ Трампнинг тарафдори бўлган Карл Айкан бу ғояни рад этган. 

Top