Жаҳон | 15:02 / 18.02.2021
7441
1 дақиқада ўқилади

Лукашенко Путин билан учрашганида ҳеч нарса сўрамасликка ваъда берди

Аввалроқ Минск Москвадан янги кредит олишни мўлжаллаётгани тўғрисида хабарлар тарқалганди.

Фото: Reuters

Беларус президенти Александр Лукашенко 20 феврал куни Россия президенти Владимир Путин билан учрашув режалаштирилгани тўғрисидаги маълумотни тасдиқлади. Аммо у учрашув давомида 3 млрд доллар миқдорида кредит сўраши тўғрисидаги хабарларни инкор этди, деб хабар бермоқда «БелТА».

 «Биз анча илгари Путин билан 20 февралда учрашиш ва ҳамкорликнинг айрим йўналишлари бўйича гаплашишга келишиб олгандик. Аммо айтишим керак: айримлар «Лукашенко 3 млрд доллар сўрагани боради» демоқда. Йўқ, у ерга бирор нарса сўрагани бормоқчимасман», — деб таъкидлади Лукашенко.

Аввалроқ Минск Москвадан янги кредит олишни мўлжаллаётгани тўғрисида ўз манбаларига таяниб «Коммерсантъ» хабар берганди.

Путин ва Лукашенконинг ўтган йил сентябрда Сочида бўлиб ўтган учрашувида Москва Минскка 1,5 млрд доллар кредит ажратиши маълум бўлганди. Ушбу маблағ Беларус ҳукуматига мамлакатдаги оммавий намойишлар фонида тақдим этилганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид