14:22 / 23.02.2021
43150

Тошкентда вакцина ташишга мўлжалланган махсус автомобиллар ЙТҲга учради

Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги Нукус ва Амир Темур кўчалари кесишган чорраҳада вакциналарни ташиш учун мўлжалланган бир нечта автомобиль иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Ички ишлар вазирлиги ЙҲХББ ахборот хизмати Тошкентда вакцина ташувчи «Changan» русумли автомобиллар билан содир бўлган ЙТҲ юзасидан маълумот берди.

«2021 йилнинг 23 феврал куни соат 11:30ларда Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Нукус ва Амир Темур кўчалари кесишган чорраҳа яқинида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳудудий бошқармаларга фойдаланиш учун топширилиб, олиб кетилаётган "Changan" русумли автомобил ҳайдовчиларидан бири кескин тормоз босиши оқибатида ортида ҳаракатланаётган худди шу русумдаги 6та автомобилнинг ҳам кескин тўхташи ва тўқнашуви юз берган», дейилади хабарда.

ЙТҲ оқибатида 2та автомобил техник шикастлангани, тан жароҳати олганлар йўқлиги қайд этилган.

«Мазкур ҳодиса юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилиб, ҳодиса содир бўлиш сабабларига ойдинлик киритилмоқда.

Барча ҳайдовчилардан йўлларда эҳтиёткор бўлишларини, оралиқ масофани сақлаб ҳаракатланишларини сўраб қоламиз», дейилади ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати маълумотида.

  • Эслатиб ўтамиз, бугун, 23 феврал куни, БМТнинг болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) Тошкент шаҳридаги «Миллий» стадионида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати учун 17та музлаткичли юк машинаси ва 206та Miniven-Labo автомобилларини топширгани ҳақида хабар берилганди.
Top