16:52 / 24.02.2021
10882

Элдор Шомуродов Осиёда ҳафта қаҳрамони бўлишга даъвогар

Осиё футбол конфедерацияси расмий сайти ўтган ҳафта якунларига кўра, осиёлик футболчиларнинг хориж чемпионатларидаги ўйинларини таҳлил қилиб, ҳафта қаҳрамони номига даъвогарларни эълон қилди.

Ўтган ҳафтада Европада ўзини кўрсатган футболчилардан ташкил топган номзодлар қаторига ўзбекистонлик Элдор Шомуродов ҳам киритилган. Ҳамюртимиз «Женоа» - «Верона» (2:2) баҳсида захирадан майдонга тушиб, мезбонларнинг дастлабки голига муаллифлик қилганди.

Шомуродовдан ташқари яна осиёлик 9 нафар футболчи ҳафта лауреати бўлишга даъвогар саналади. Булар - «Порту» сафида ЕЧЛ баҳсида «Ювентус» дарвозасига гол урган эронлик Меҳди Торемий, АПЛ доирасида «Челси» дарвозасини ишғол этган «Саутҳемптон» ҳужумчиси япониялик Такуми Минамино, Болгариянинг «Локомотив» яримҳимоячиси тожикистонлик Парвизжон Умарбоев, «Валенсия»нинг кореялик футболчиси Ли Кан Ин, «Айнтрахт» аъзоси япониялик Даичи Камада, Украинанинг «Заря» клуби аъзоси эронлик Шаҳоб Зоҳиди, «Кортрейк» аъзоси австралиялик Трент Саинсбери, япониялик Такумо Асано (Партизан) ва ироқлик Жилоан Ҳамад («Горица»).

Қуйидаги манзилга ўтиб, Элдор Шомуродовга овоз беришингиз мумкин. Шомуродов 24 февраль ҳолатига кўра, сўровномада эронлик Меҳди Торемийдан кейинги 2-ўринда бормоқда. Сўровнома 28 февралга қадар давом этади. 

Top