22:42 / 24.02.2021
11200

Танзила Норбоева ҳокимларнинг депутатлик кенгашларига раислик қилиш амалиёти қачон бекор бўлиши ҳақида гапирди

«Биз ҳозир «янги Ўзбекистон»га ўтиш давридамиз. Бу жараёнда зиддиятлар кучаймоқда. Ислоҳотлар қилишда зиддиятлар кучайяпти. Зиддият кучайса, ҳар хил кучлар бир-бири билан нифоққа боради», деган Сенат раиси.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Бугун, 24 февраль куни Давлат бошқаруви академиясида Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламентининг 2020 йил якунига бағишланган ҳисобот йиғилиши ўтказилди.

Kun.uz мухбири хабарига кўра, ҳисобот йиғилиши давомида Сенат раиси Танзила Норбоева Халқ депутатлари, вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига ҳокимларнинг бошчилик қилиши амалиётидан қачон воз кечилиши борасидаги саволга жавоб берган.

«Худо хоҳласа яқин келажакда бўлади. Йилини аниқ айтолмайман, лекин шунга қараб кетяпмиз. Қандай кетяпмиз? Мана, Халқ депутатлари, вилоят, туман ва шаҳар кенгашларида котибиятлар бекорга ташкил қилинмади-ку.

Шундай амалиётда қолар эканмиз, деган тушунча бўлиши керак эмас. Бунга жамият ҳам тайёр бўлиши керак. Бу жараёнда тўполон, ур-йиқитлар бўлиб кетиши керак эмас.

Биз ҳозир «янги Ўзбекистон»га ўтиш давридамиз. Бу жараёнда зиддиятлар кучаймоқда. Ислоҳотлар қилишда зиддиятлар кучайяпти. Зиддият кучайса, ҳар хил кучлар бир-бири билан нифоққа боради.

Шунинг учун, бу ислоҳотлар секин-секин бўлади. Мен шунингдек, бу жараённи жуда узоққа чўзилади, деб ҳам ўйламайман. Балки кейинги сайловларгача бу тўлиқ охирига етар», – деди Сенат раиси.

Top