Жаҳон | 22:08 / 24.02.2021
4460
2 дақиқада ўқилади

Европа портларида 23 тонна кокаин мусодара қилинди

Гиёҳванд моддалар Панама ва Парагвайдан Антверпен ва Гамбург портларига келган контейнер кемаларидан топилган.

Фото: EPA

Европа Иттифоқининг учта мамлакатидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчиларга қарши қўшма операция ўтказиб, 23 тоннадан ортиқ миқдордаги кокаин партиясини мусодара қилган. Бу Европа учун янги рекорддир, деди Нидерландия полицияси 24 феврал куни. 

“Ҳеч қачон бир вақтнинг ўзида бунчалик кўп кокаин қўлга туширилмаган эди. Қўлга олиш ва давом этаётган тергов Нидерландия, Германия ва Белгиянинг полиция, божхона ва прокуратура ходимлари ўртасида яқин ва интенсив ҳамкорликда амалга оширилди”, деб маълумот берилган хабарда.

Гиёҳванд моддалар Антверпен ва Гамбург портларида мусодара қилинди, у ерда Панама (ўтин ортилган контейнерларда) ва Парагвайдан (девор тўлдириш учун қурилиш хом ашёлари бўлган контейнерда) контейнер кемалари келган. Нидерландиянинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари 7,2 тонна, Германияда эса 16 тоннадан кўпроқ кокаин топилган.

Гиёҳванд моддалар ташувчи 28 ёшли Голландия фуқароси бўлган. У 24 феврал эрталаб ҳибсга олинган.

Германияда бу ҳақда “бундай катта миқдордаги кокаин кўча-кўйда сотилганда бир неча миллиард евро даромад келтирган бўлар эди”, деб айтилган.

Эслатиб ўтамиз, ноябр ойида Белгия полицияси Антверпен портида қиймати 900 миллион евродан зиёд бўлган 11,5 тонна кокаинни мусодара қилган эди.