12:59 / 02.03.2021
4627

Тошкентда Миллий гвардияга ишга киритиш учун 4 минг доллар сўраган шахс ушланди

У ўзини ички ишлар органи ходими сифатида таништирган ва сўзларининг тасдиғи сифатида қалбаки гувоҳнома кўрсатган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Kun.uz’га маълум қилишича, фуқаро Н. фуқаро Д.нинг ишончига кириб, у Миллий гвардияга ишга кириш ниятида эканини билиб олган. Фуқаро ўзининг ички ишлар органи ходими эканини айтиб, сўзлари тасдиғи сифатида қалбаки хизмат гувоҳномасини кўрсатган ва Миллий гвардия тизимига танишлари орқали Д.ни ишга киритиб қўйишга ишонтирган.

Тошкент шаҳар ИИББ ва Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда гумонланувчи фуқародан 4 минг долларни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Гумонланувчи муқаддам товламачилик билан боғлиқ жиноят содир қилгани учун судланиб чиққани айтилмоқда.

«Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Н.Қ.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик), 28-моддаси (Жиноят иштирокчиларининг турлари), 211-моддаси (Пора бериш) ва 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда», дейилади департамент хабарида.

Эслатиб ўтамиз, бунгача Самарқандда 27 500 доллар, Касбида 2 000 доллар, Ангренда 1500 доллар эвазига Миллий гвардияга ишга киритиб қўймоқчи бўлган шахслар қўлга олинган эди.

Аввалроқ «Бунёдкор» стадионининг қўриқлаш хизматига ишга киритиб қўйиш эвазига 1500 доллар, Навоийда вилоят ИИБга қарашли жазони ижро этиш муассасаларидан бирига ишга жойлаштириб қўйиш эвазига 2000 доллар, Булунғурда туман тиббиёт бирлашмасига фаррошликка ишга киришида ёрдам бериши эвазига 1200 доллар, Навоийда ички ишлар тизимига ишга киритиб қўйиш учун 6000 доллар, Жиззахда «Ўзбекистон» локомотив депоси Жиззах филиалига ҳайдовчиликка ишга киритиб қўйиш эвазига 1 000 доллар, Боёвутда туман тиббиёт бирлашмасига ҳамширалик лавозимига ишга киритиб қўйиш эвазига 300 доллар сўраган шахслар ушланган эди.

Top