Ўзбекистон | 09:02 / 03.03.2021
4325
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ижтимоий контракт тизими жорий этилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолини давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдами билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, давлат маблағлари ҳисобидан ишсиз фуқаролар, камбағал оила аъзоларига улар бандлигини таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун берилаётган моддий ёрдам ва субсидиялар самарадорлигини ошириш мақсадида ижтимоий контракт тизимини жорий этиш мазкур қарор лойиҳасининг асосий мақсадлари ҳисобланади.

Давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини кўрсатишда ижтимоий контракт технологиясини жорий этишдан кутилаётган натижалар қуйидагилардан иборат:

  • ижтимоий хизматлар ёки ёрдам фойдаланувчисининг меҳнат салоҳиятини реализация қилиш;
  • тадбиркорлик фаоллигини кучайтириш ва ўзини ўзи банд қилишга жалб қилиш;
  • пул ёки натура кўринишидаги мустақил доимий даромад манбалари ҳисобидан фуқаролар турмуш даражаси сифатини ошириш;
  • ижтимоий хизматлар ёки ёрдам фойдаланувчилари ижтимоий масъулиятини ошириб, уларнинг боқимандалик кайфиятини камайтириш.

Маълум қилинишича, ижтимоий контракт шахс ва унинг доимий ва вақтинча яшаш жойидаги меҳнат органи ўртасидаги келишув бўлиб, меҳнат органига шахсга давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини кўрсатиш, шахсга эса ижтимоий шартномада кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш мажбуриятини юклайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш