19:09 / 05.03.2021
38219

Ўзбекистонда камбағал аҳолининг 40 фоизи 100 минг сўмлик кутилмаган харажатларни кўтара олмайди – Жаҳон банки

Айни пайтда Ўзбекистон аҳолисининг аксарияти камбағаллик чегарасига яқин даражада кун кечираётган бўлиб, шунинг ярмидан кўпроғи жамғармаларга эга эмас, 40 фоизи эса 100 минг сўм миқдордаги кутилмаган харажатларни кўтара олмайди.

Фото: LiveJournal

Жаҳон банки пандемия бошлангандан сўнг Ўзбекистондаги камбағаллик даражаси пандемиядан аввалги 7,4 фоиздан 8,7–10 фоизга кўтарилганини тахмин қилмоқда. Бу эса камбағаллар сони мамлакатда 0,45–0,88 миллионга кўпайганини англатади.

 Маълум қилинишича, Ўзбекистонда пандемия туфайли камбағалликни қисқартириш бўйича илгарилаш тўхтаб қолган ва ҳозир ортга қараб кетмоқда. Мамлакат аҳолисининг аксарияти айни пайтда камбағаллик чегарасига яқин даражада кун кечираётган бўлиб, чегарадан тушиб кетишининг эҳтимоли юқори. Ташкилот мазкур аҳолининг ярмидан кўпроғи жамғармаларга эга эмаслигини, 40 фоизи эса ҳозирги кунда 100 минг сўм (9,8 доллар) миқдордаги кутилмаган харажатларни кўтара олмаслигини маълум қилган.

Жаҳон банки томонидан қабул қилинган чегара (даромад даражаси ўртача кесимнинг қуйи қисмида бўлган давлатлар учун харид қобилияти паритети жон бошига бир кунда 3,2 АҚШ долларини ташкил этади) асосида баҳоланганда, 2018 йилда Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 9,5 фоизни ташкил этган. Бу ҳисоб-китоблар «Ўзбекистон фуқароларини тинглаб» лойиҳаси доирасида олинган тадқиқот натижаларига кўра, ўзини «камбағал», деб ҳисоблайдиган уй хўжаликларининг ўз-ўзини субъектив таснифлаш кўрсаткичларига мос келади.

«Давомли ижобий ўзгаришларга қарамай, камбағаллик кўрсаткичларида географик нуқтайи назардан кескин тафовутлар кузатилган. Камбағал аҳоли вакилларининг 79 фоизга яқини қишлоқ жойларда яшайди. Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида камбағаллик даражаси деярли бир хил бўлса-да, Самарқанд вилояти аҳолиси сони нисбатан кўплиги сабабли 2018 йилда жами камбағал аҳоли вакилларининг 20 фоизи у ерда истиқомат қилган», – дейилади манбада.

Ҳукуматнинг кам таъминланган аҳоли улуши тўғрисидаги расмий маълумотларига кўра, камбағаллик даражаси 2000 йилдаги қарийб 28 фоиздан 2019 йилга келиб, 11 фоизгача тушган, бунда камбағалликнинг қисқариш даражаси йилдан йилга пасайган.

Аввалроқ бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров пандемия даврида мамлакатда камбағаллик даражаси ортмагани, бу давр мобайнида аҳолининг бирорта қатлами қашшоқликка тушмаганини айтганди.

Шунингдек, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Эркин Муҳиддинов 2020 йил ярмига келиб, ишсизлик даражаси 13 фоиздан ошиб кетганини маълум қилганди. Сентябр охирида эса бу кўрсаткич 11,1 фоиз, 2021 йил бошида 10 фоиз атрофида дейилган.

Ўзбекистонда 2030 йилга бориб камбағаллик даражасини икки баробарга қисқартириш бўйича президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Kun.uz ҳам камбағаллик ва қашшоқлик ўртасидаги тафовутга оид мақола эълон қилган. Унда Ўзбекистонда камбағалликка қарши курашиш чора-тадбирлари ҳақида ҳам маълумот берилган.

Top