Жамият | 17:05 / 05.03.2021
9727
3 дақиқада ўқилади

Шодиев халқаро фонди 8 март арафасида муҳтож аёлларга ёрдам кўрсатади

8 март арафасида Шодиев халқаро фонди Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги ва «Мадад» нодавлат нотижорат ташкилоти билан биргаликда муҳтож аёлларга гуманитар ёрдам кўрсатади.

8 март куни муносабати билан Шодиев халқаро фонди (ICF), Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва «Мадад» нодавлат нотижорат ташкилоти кам таъминланган аёлларга, фарзандининг ёлғиз боқувчиси бўлган аёлларга, бева ва қийин ҳаёт шароитида бўлган аёлларга гуманитар ёрдам кўрсатади. Ҳозирги кунда бир неча вилоятларда аёлларга ширинликлар, озиқ-овқат ва косметика тўпламлари етказилмоқда.

Ёрдамга муҳтож аёллар рўйхатларини шакллантириш ва гуманитар ёрдам тўпламларини топшириш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва «Мадад» нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан амалга оширилади. «Халқаро хотин-қизлар куни – бу барча аёлларга эътибор, ғамхўрлик, муҳаббат, меҳнати ва жамиятимиз тараққиётига қўшган ҳиссаси учун яна бир бор миннатдорчилик билдириш учун фурсат. Давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёев таъкидлаганларидек, аёлга ғамхўрлик қилиш, унга ҳурмат ва эҳтиром билан қараш ўзбек халқининг энг эзгу анъаналаридан биридир. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ўзбекистондаги Шодиев халқаро фонди ватандошларимизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, фаровонлик ва барча режаларнинг амалга оширилишини тилаб қолади», - деди Авазбек Мадаминов, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи.

Шодиев халқаро фонди охирги икки йил давомида Ўзбекистон аҳолисининг муҳтожталаб қатламлари учун кўп босқичли гуманитар ёрдам дастурини амалга оширмоқда. Коронавирус пандемияси даврида бутун мамлакат бўйлаб ёши катталарга ва кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат ва дезинфекция воситалари тарқатилди, шунингдек, Россия Федерациясида истиқомат қилувчи ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига COVID-19 ва ўткир респиратор вирусли инфекция белгилари бўлганлар учун бепул тест синовлари ўтказилиб, гуманитар ёрдам кўрсатилди.

Шодиев халқаро фонди (ICF) ҳақида

ICF – Шодиев халқаро фонди 1996 йилда Ўзбекистонда туғилган Фаттоҳ Шодиев томонидан асос солинган нодавлат хайрия ташкилотидир. Фонд МДҲ, Осиё ва Европада хайрия лойиҳалари билан шуғулланади. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фонд ўз фаолиятини 2017 йил 28 августда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатга олинган Ваколатхона томонидан амалга оширади. Фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг асосий вазифалари ижтимоий, илмий, тиббий соҳаларда, маданият, санъат, таълим ва спортни қўллаб-қувватлаш, таълим ва тиббиёт муассасаларига, кам таъминланган инсонларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатишдан иборат.

Шодиев халқаро фонди асосчиси ҳақида

Фаттоҳ Шодиев 1953 йил 15 апрелда Ўзбекистоннинг Жиззах шаҳрида туғилган. Россия ташқи ишлар вазирлигининг Москвадаги давлат халқаро муносабатлар институтини имтиёзли диплом билан тугатган (МГИМО). Фаттоҳ Шодиев – сиёсат фанлари номзоди, Қозоғистон Республикаси Табиий фанлар академиясининг аъзоси, шунингдек Япония тарихи, иқтисодиёти ва сиёсати бўйича 30 дан ортиқ илмий ишларнинг муаллифи.

Халқаро Шодиев Фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси

Жамшид Рузибаев
Тайёрлаган Жамшид Рузибаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид