10:58 / 07.03.2021
7866

Видео: «Чуқурсой» божхона пости ва логистика марказлари фаолияти жамоатчиликка таништирилди

5 март куни Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Чуқурсой» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ва логистика марказларига пресс-тур ташкил этилди.

Маълум қилинишича, «Чуқурсой» ТИФ божхона постида 2020 йил давомида 45,8 мингдан зиёд божхона юк декларациялари расмийлаштирилиб, давлат бюджетига салкам 2 триллион сўмлик божхона тўловлари ундирилган.

84 млн доллардан зиёд қийматдаги маҳсулот шу пост орқали хорижга экспорт қилинган.

Божхона юк декларациялари расмийлаштируви «Хавфни бошқариш тизими» орқали «яшил» (хавфи паст), «сариқ» (хавфи ўрта) ва «қизил» (хавфи юқори) йўлакларга ажратган ҳолда амалга оширилади.

«Яшил» йўлакка тушган товар эгаси божхона органига ҳужжатларини интернет орқали юбориши мумкин, биз у билан алоқа қилмай расмийлаштирувни амалга оширамиз. Ҳар битта юк декларациясини расмийлаштиришга  ўртача 20-30 дақиқа вақт сарфланади», – дейди «Чуқурсой» ТИФ божхона пости божхона расмийлаштируви бўйича инспектор Бахтиёр Aзизов.

«Чуқурсой» божхона пости тасарруфида 26та божхона омбори ва 1та эркин омбор фаолият юритмоқда.

Пост «Universal Logistics Center» ва «Chukursay Logistics Center» логистика марказларида жойлашган. Уларда бир вақтнинг ўзида 6500 контейнерга мўлжалланган терминаллар бор.

«Universal Logistics Center» МЧЖ бўлим бошлиғи Нодир Aкромовга кўра, марказдаги «ягона дарча» тизими бундай логистика марказлари учун янгилик бўлган.

«Тадбиркорлар юкни экспортга жўнатаётганда ёки импорт қилаётганда кўплаб ташкилотларга мурожаат қилишига тўғри келади. Бизнинг марказда ишга тушган «Ягона дарча» тизими орқали логистика марказидан ҳисоб-китоб ишларини амалга ошириш имконияти яратилди», – дейди у.

«Ягона дарча» ахборот статистикаси орқали давлат органларининг фаолиятини баҳолаш ва тизимнинг «Фойдаланиш статистикаси» интерактив ахборот олиш хизматидан фойдаланиш мумкин.

Медиа тур давомида божхона постларидан ноқонуний олиб ўтишга уринилган ва божхоначилар томонидан мусодара қилинган товарлар қаерда сақланиши ҳақида ҳам маълумот берилди.

«Ноқонуний олиб ўтишга уринилган товарлар вақтинча божхона омборларида сақланади. Ҳолат бўйича божхона инспектори тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, божхона қоидаларининг бузилиши тўғрисида баённома тузади ва инспектор суриштируви орқали ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилади.

Ҳужжатлар судга юборилади, мусодара қилинган товарлар тақдирини суд ҳал қилади», – деди «Чуқурсой» ТИФ божхона пости катта инспектори Зоҳид Эгамбердиев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Тошкент-товар» ва «Aрқбулоқ» ташқи иқтисодий божхона постларига ҳам пресс-тур ташкил этилган эди.

Top