21:14 / 09.03.2021
6624

Товар-хом ашё биржасида икки ойда 763,9 миллиард сўмлик давлат харидлари битимлари тузилди 

Жорий йилнинг ўтган икки ойи мобайнида Товар-хом ашё биржасида давлат харидлари бўйича 100 мингдан ортиқ битим имзоланди. Савдоларнинг катта ҳажми электрон аукцион ва дўконда амалга оширилди.

2021 йилнинг январь-февраль ойларида давлат харидларининг махсус ахборот порталида 763 миллиард 900 миллион сўмлик 117 мингдан зиёд битим тузилди. Бу ҳақда 9 март куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Қайд этилишича, бу кўрсаткич 2020 йилнинг мос даври билан солиштирганда тузилган битимлар сони жиҳатдан 26,5 фоизга, қиймати бўйича 70,5 фоизга ўсган.

Давлат харидлари бўйича ўтказилган электрон савдолар натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг маблағлари тежалиши 2020 йилга нисбатан 47,1 фоизга ўсиб, 153 миллиард 900 миллион сўмни ташкил қилган.

Савдоларнинг катта ҳажми электрон аукцион (52 фоиз) ва электрон дўкон (20 фоиз)да амалга оширилган. Хусусан, электрон танлов ва тендерларнинг ҳажми 127 миллиард 600 миллион сўмни, пул маблағларининг тежалиши 7 миллиард 800 миллион сўмни ташкил этган.

Маълум қилинишича, буюртмачилар ва етказиб берувчиларнинг электрон давлат харидларида иштирок этишини енгиллаштириш мақсадида Товар-хом ашё биржаси томонидан давлат харидлари бўйича янги ягона портал – xarid.uzex.uz ишга туширилди. Давлат харидларининг барча шакллари, жумладан, электрон аукцион ва дўкон, танлов ва тендерлар мазкур порталга бирлаштирилди. Айни пайтда 100 минг нафардан ортиқ тадбиркор мазкур платформада рўйхатдан ўтган.

Аввалроқ, 2020 йилда давлат бюджетидан энг кўп харидлар амалга оширган соҳалар маълум қилинганди. Унга кўра, соғлиқни сақлаш соҳаси давлат буюртмачиси сифатида 6 триллион 709 миллиард 800 миллион сўмлик харидларни амалга оширган. Бу энг юқори кўрсаткич бўлиб, умумий давлат буюртмачилари томонидан қайд этилган харажатларнинг 15,7 фоизини ташкил этган.

Top