00:10 / 10.03.2021
6152

Франция биринчи марта фазода ҳарбий машғулотлар ўтказмоқда

Франция ҳарбийлари 8 март куни мамлакат қуролли кучлари тарихида биринчи марта фазода ҳарбий машғулотларни ўтказишни бошлашди. 

Фото: Getty Images

Машғулотлар Франциянинг 1965 йилда фазога учирилган биринчи сунъий йўлдоши Asterix шарафига AsterX деб ном олган. Машғулотлар давомида ҳарбийлар шартли хавфли фазо жисми ҳамда ўз сунъий йўлдошига хавф ортидан кузатув олиб боришади.    

“Сценарий бўйича бир қатор воқеалар юз бериб, инқирозли вазият ва фазовий инфратузилмамизга таҳдидлар пайдо бўлади”, деб маълум қилган Франция коинот кучлари қўмондонлиги раҳбари Мишел Фридлинг.

У машғулотларни “Франция тизимлари учун стресс-синов” деб атаган ҳамда улар Франция армияси ва ҳаттоки Европа учун биринчи шундай машғулотлар эканини таъкидлаб ўтган.

ОАВ маълумотларига кўра, машғулотларда шунингдек  АҚШ коинот кучлари ва Германия коинот агентлиги иштирок этмоқда. Машғулотлар 12 мартгача давом этади.  

Маълум қилинишича, Франция коинот кучлари қўмондонлиги 2019 йилда ташкил этилган. 2019-2025 йиллар давомида унинг молиялаштирилиши қиймати 5 млрд долларгача, ходимлари сони эса 500 кишигача етиши керак.  

Аввалроқ Франция мудофаа вазири Флоранс Парли “иттифоқдошларимиз ва рақибларимиз фазони ҳарбийлаштирмоқда ва биз ҳам ҳаракатимизни бошламоғимиз лозим”, деб айтган. Парли Франция Россия, Хитой ва АҚШдан ортда қолмаслик учун сунъий йўлдошларга қарши лазер қуроли ва разведка воситаларини ривожлантирмоқчилигини айтган. 

Top