14:15 / 12.03.2021
2822

2020 йилда Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида қарийб 350 млн доллар ёрдам маблағлари жалб қилинган

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг 2020 йилда Ташқи ишлар вазирлиги зиммасига юкланган вазифаларни бажариш бўйича фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди, деб хабар бермоқда Сенат ахборот хизмати.

Ҳисобот даврида Туркия ва Россияга олий даражадаги расмий ташрифлар, Ўзбекистон президенти номидан хорижий меҳмонлар қабуллари, олий даражадаги 80дан зиёд онлайн мулоқотлар ташкил этилди.

Бундан ташқари, президент қарор ва фармонлари, олий даражадаги ташрифлар якунлари бўйича қабул қилинган “йўл хариталари”ни, дипломатик йўналишлар орқали турли халқаро тадбирлар доирасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш режаларини ижро этиш мақсадида 32та икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.

Қайд этилишича, Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида глобал коронавирус пандемияси оқибатларини юмшатиш мақсадида қарийб 350 млн АҚШ доллари миқдорида грант маблағлари ва моддий-техник ёрдам маблағларини жалб қилишга эришилди.

Шу билан бирга, Сенат томонидан ўтказилган ўрганиш жараёнида, шунингдек, унинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги муҳокамасида Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятида қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлиги таъкидланди.

Хусусан, Ўзбекистонда дипломатик хизматнинг фаолият юритиши ва янада ривожланишини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Дипломатик ваколатхоналар ташаббуси билан инвестиция лойиҳалари сифатли ва кейинчалик ўз вақтида амалга оширилишини назорат қилиш бўйича маҳаллий ҳокимият органлари билан тизимли ишлар олиб борилмайди.

Стратегик нуқтайи назар мавжуд эмас, республика чегара ҳудудларида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришнинг муҳим элементи бўлган чегаравий ҳамкорлик ривожлантирилмаган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон халқаро битимларини ҳисобга олиш ва бажаришнинг ягона электрон тизими (маълумотлар базаси) ҳали ҳам ишламаётгани қайд этилди.

Сенат ялпи мажлисида муҳокама якунлари бўйича халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари, Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва бошқа тегишли идораларга аниқ кўрсатма ҳамда тавсиялар берилди. Масала юзасидан Сенат қарори қабул қилинди.

Top