12:05 / 12.03.2021
13884

Миллион долларлик пора. Ҳарбийлар Аунг Сан Суу Кини яна нималарда айбламоқда?

1 феврал куни Мянмада ҳокимиятни эгаллаб олган ҳарбийлар мамлакат етакчиси Аунг Сан Суу Кини ноқонуний йўл билан бойлик орттиришда ҳам айблашмоқда.

Фото: Reuters

Ҳарбийларнинг версиясига кўра, пуллар ва олтинларни унга Янгоннинг собиқ бош вазири Пхйо Мин Тейн берган. Хунта вакилларининг сўзларига кўра, унинг ўзи порахўрлик ҳолати ҳақида гапирган. Шу билан бирга, ҳарбийлар Аунг Сан Суу Ки кимдан қандай пул олгани ҳақида далил келтиришмаган.

«Демократия учун миллий лига» партияси етакчиси феврал ойи бошидан буён ҳибсда қолмоқда.

У айнан қаерда сақланаётгани бўйича аниқ ва ишончли маълумот йўқ. Қўлга олинганидан буён унга рацияларни чегарадан ноқонуний ўтказиш, сақлаш ва фойдаланиш бўйича, шунингдек, карантин қоидаларини ва фавқулодда ҳолатларни бартараф этиш бўйича қонунларни бузиш айбловлари қўйилганди.

Пайшанба куни ноқонуний бойлик орттириш бўйича қўйилган айбловлар эса ҳозирча энг жиддий айблов бўлиб турибди.

Ҳарбийларнинг тасдиқлашича, у пуллар билан бирга олган олтинларнинг баҳоси 600 минг долларлик қийматга эга. Шу тариқа, уларнинг версиясига кўра, Аунг Сан Суу Ки бир миллион доллардан ортиқ маблағни ўзлаштирган.

«Демократия учун миллий лига» партияси депутати бу айбловни туҳмат деб атади.

«Улар ўзлари Мянма кўчаларида бегуноҳ инсонларни ўлдиргани ҳолда сиёсатчини ўғирликда асоссиз айблашмоқда», деган депутат.

Пайшанба куни хавфсизлик кучлари яна камида етти кишини ўлдиришди, натижада, мамлакат бўйлаб давом этаётган намойишлар бошланганидан буён ўлдирилган тинч аҳоли вакиллари сони 60дан ошди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, айрим намойишчиларнинг бошини нишонга олиб отиб ташлашмоқда.

Amnesty International ташкилоти ҳарбийларни қотилликда айблашмоқда, айбловда ҳарбийлар қуролсиз намойишчилар нишонга тутиб отилаётгани айтилган.

«Бу айрим ходимларининг ўзбошимчалик билан қабул қилаётган қарорлари эмас. Бу аввалдан инсониятга қарши жиноятлар содир этиб келган тажрибали қўмондонларнинг онгли равишда қонхўрлик усулларини қўллашидир», деган Amnesty вакили Жоан Маринер.

Мянмада феврал ойи бошида Аунг Сан Суу Ки ва бошқа фуқаролик ҳукумати раҳбарлари қўлга олингач, кенг кўламли норозилик намойишлари бошланиб кетганди.

БМТ, АҚШ ва бошқа кўплаб давлатлар Мянмадаги ҳарбий давлат тўнтаришига қарши чиққан тинч аҳоли вакиллари ўлдирилишини қоралаб чиқишган ва ҳарбийларни бундай ҳаракатлардан тийилишга чақирган. Ҳозирча бундай чақириқлар ҳеч қандай самара келтирмади.

Мавзу
Мянмада ҳарбийлар исёни
1 феврал куни Мянмада ҳарбийлар мамлакатнинг амалдаги раҳбари Аунг Сан Суу Кйини ҳибсга олиб, ҳокимият армия бош қўмондони Мин Ауинг Ҳлаингга ўтганини, бир йил давомида фавқулодда ҳолат режими амалда бўлишини эълон қилишди.
Барчаси
Top