15:04 / 17.03.2021
3367

Сеулда барча хорижлик ишчиларга коронавирусга тест топшириш талаби қўйилди

Март охиригача тест топширмаганлар 1760 долларгача жарима тўлайди.

Фото: AFP

Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳри маъмурияти барча хорижлик ишчилар COVID-тест топшириши шартлиги тўғрисида буйруқ чиқарди. Бу ҳақда Associated Press (AP) агентлиги хабар бермоқда.

Ушбу буйруқ виза мақоми ва иш берувчидан қатъи назар, барча тоифадаги хорижлик ишчиларга тааллуқли. Март охиригача тест топширмаганлар 1760 долларгача жарима тўлайди.

Агентликнинг ёзишича, 2020 йил охирида Сеулда 240 мингга яқин рўйхатга олинган хорижлик бўлиб, уларнинг қанчаси тест топшириши кераклиги аниқ эмас.

Аввалроқ ана шундай қарор Кёнгидоо провинциясида қабул қилинган эди. Ушбу провинциядаги паррандачилик фабрикаларида ишлайдиган 160 минг хорижликнинг 149 нафарида коронавирус аниқланганидан сўнг ушбу талаб жорий этилганди.

Аммо танқидчилар миллатига қараб эмас, меҳнат шароитларига асосланган ҳолда тест топшириш талаб қилиниши кераклигини айтмоқда.

Top