13:54 / 18.03.2021
4417

2020 йил апрель ойидан бошлаб 5 миллиондан ортиқ фуқарога моддий ёрдам берилган

2020 йил апрел ойидан буён, тахминан 5,2 миллион кишига шошилинч ёрдам кўрсатилган. Шундан 68 фоизи нафақа ва ваучерлар шаклида, 29 фоизи давлат томонидан ажратилган бир марталик пул маблағлари кўринишида бўлган.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ва «Тараққиёт стратегияси» маркази, Жаҳон банки ваколатхонаси, шунингдек, бир қатор манфаатдор вазирлик ва идоралар иштирокида Сovid-19 пандемиясининг мамлакатдаги уй хўжаликларига ижтимоий-иқтисодий таъсирини ўрганиш бўйича ўтказилган тадқиқот натижалари муҳокама қилинди.

2020 йилнинг март ойида биринчи умуммиллий карантин жорий этилиши ортидан жами 18 мингдан ортиқ уй хўжаликлари ва 4 мингдан ортиқ маҳалла раислари иштирокида сўровнома ўтказилган.

Тадқиқот натижаларига кўра, 2020 йил апрел ойида меҳнат бозорини қамраб олган иш қидириш сайтларидаги бўш иш ўринларининг сони 2019 йилга нисбатан 54 фоиздан кўпроққа камайган. Ўтган йилнинг декабр ойига бориб бу рақам 2019 йилнинг мос даври билан таққослаганда 20 фоизни ташкил этган.

2020 йилнинг апрел ойида респондентларнинг ярмидан камроғи уларнинг оила аъзоларидан бири карантин бошланганидан кейин ишни давом эттириш имкониятига эга бўлганини айтиб ўтган.

Сўров натижаларига кўра, 2020 йил апрел ойидан буён, тахминан 5,2 миллион кишига шошилинч ёрдам кўрсатилган. Шундан 68 фоизи нафақалар, ваучерлар шаклида, 29 фоизи давлат томонидан ажратилган бир марталик пул маблағлари кўринишида бўлган.

Ёрдам олиш ҳолатлари шаҳардан келган респондентлар орасида икки баравар кўп учраган.

2020 йилнинг сўнгги ойларида маҳалла раислари фуқароларнинг ижтимоий ёрдам бўйича мурожаатлари сони камайгани ҳақида хабар берган. Шундай қилиб, болали оилаларга (0 ёшдан 2 ёшгача) болаларни парвариш қилиш бўйича нафақа олиш учун янги мурожаатларнинг сони август ойида маҳаллаларнинг 58 фоизида кузатилган бўлса, 2021 йилнинг январ ойида бу рақам 28 фоизни ташкил этган. Болали, кам таъминланган (2 ёшдан ошган) оилалар учун имтиёзлар бўйича янги аризалар сони шу давр мобайнида маҳаллаларда 51 фоиздан 32 фоизга пасайган.

Кам таъминланганлар учун бошқа имтиёзлар (оилада фарзандлар борлиги билан боғлиқ бўлмаган) 2020 йилнинг август ойида 56 фоизни ташкил қилган бўлса, бу кўрсаткич 2021 йилнинг январ ойига келиб 21 фоизга қадар камайган.

Шунингдек, тиббий ёрдам сифати ва хавфсизлигидан норозилик 2020 йилнинг июл ойида 23 фоизни ташкил этган бўлса, 2021 йилнинг январ ойида бу кўрсаткич 5 фоизни ташкил этган.

Бундан ташқари, 2020 йилнинг апрел ойида 26 фоиз аҳоли озиқ-овқат истеъмолининг пасайиши ҳақида хабар берган.

Аввалроқ, Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ижрочилар кенгаши 2021 йилда Халқаро валюта жамғармаси тўғрисидаги шартноманинг IV моддасига асосан, Ўзбекистон бўйича маслаҳатлашувларнинг якуний хулосасида пандемиянинг оғир салбий таъсири 2020 йилнинг биринчи ярмида бўлганлигини айтиб ўтганлиги маълум қилинганди. Самарали иқтисодий чоралар кўрилиши натижасида йилнинг охирида иқтисодиёт ижобий томонга ўсган ва ЯИМ 1,6 фоизга ошган.

Top