Пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи Сардор Файзуллаев Kun.uz'га берган интервюсида нафақалар кимларга тўланиши, ариза қачон рад этилиши ва кутилаётган ўзгаришлар ҳақида гапириб берди.
“Ижтимоий ҳимоя” ягона реестри ҳақида
— Ўзбекистонда болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш “Ижтимоий ҳимоя” ягона реестри орқали амалга оширилади. Бу тизим оиланинг кам таъминлаганлик ҳолатини аниқлаш, уларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш, шунингдек, давлат томонидан бериладиган турли ёрдамлар ҳақидаги маълумотларни ўзида акс эттиради. Ҳозирги кунда 2,2 млн оилага шу тизим орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам тўлаб келиняпти.
Оилада 18 ёшга тўлмаган фарзандлари бўлганлар болалар нафақасини олиш бўйича мурожаат қилишлари мумкин. Якка фуқаролар, барча фарзандлари 18 ёшдан катта, кам таъминланган оилалар ҳам моддий ёрдам учун мурожаат қилиши мумкин.
Оилаларнинг моддий аҳволи яхшиланса, моддий ёрдам тўлаш тўхтатилади
— Ижтимоий адолат принципи нуқтайи назаридан нафақаларни ҳақиқатда муҳтож бўлган оила олишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
“Ижтимоий ҳимоя” ягона реестри орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаб келинаётган бўлса, мазкур тизимда 16 вазирлик ва идорадан 53 турдаги маълумотлар олинади ва шу асосда оиланинг кам таъминланганлик ҳолати аниқланади. Бола пули, моддий ёрдам тайинлаш ёки рад этиш дастурда автоматик қабул қилинади. Шундай бўлса-да, айрим ўзига тўқ оилалар томонидан моддий ёрдам олиш ҳолатлари учрамоқда. Бу қандай бўлиши мумкин?
Биринчи навбатда болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлангандан кейин оила томонидан автотранспорт воситаси ёки даромад келтирувчи мол-мулк харид қилиниши ёки оиланинг даромадлари ошган ҳолатларда 12 ойгача болалар нафақаси тўлаб берилади. Яъни оиланинг иқтисодий аҳволи ўзгаргандан кейин ушбу оиланинг мезонларга мослиги тайинлаш давомида қайта кўрилмайди. Шунингдек, шундай ҳолатлар учрайдики, оилада мавжуд автотранспорт воситалари ёки мол-мулкини ўзининг қариндошлари номига ўтказиб қўйган ҳолатда нафақа олиш учун ўз ҳолатини сунъий кам таъминлангандек кўрсатиш орқали нафақа олган ҳолатлар бор.
Кам таъминланган оилаларга нафақа тайинлашда манзиллигига эътибор қаратиш кўзда тутилган. Яъни биринчи киритилаётган ўзгариш болалар нафақаси тайинлаганидан кейин оиланинг иқтисодий аҳволи ҳар ойда автоматик тарзда ўрганилади, болалар нафақасини олиб турган оиланинг иқтисодий аҳволи, иш ҳақи кўринишида олиб турган даромади, қўшимча мол-мулки ёки автотранспорт воситасини сотиб олганлиги тегишли давлат органлари, Солиқ қўмитаси, кадастр органлари ёки Ички ишлар вазирлигидан олинган маълумотлар асосида ҳар ойда ўрганиладиган тартиб жорий қилинади. Болалар нафақаси тайинланганидан кейин оила янги автотранспорт воситаси ёки иккинчи автотранспорт воситасини харид қиладиган бўлса, даромад келтирадиган мол-мулк харид қиладиган бўлса, оилалар рейтингдан автоматик чиқарилади.














