Ўзбекистон | 18:04 / 18.03.2021
27743
9 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва дунё мактаблари: фарқлар, янги тенденциялар

Илмдан бошқа нажот йўқ. Боланинг илмга муносабати эса биринчи таълим даргоҳи – мактабда шаклланади.

Kun.uz Ўзбекистон ва хорижда фаолият олиб бораётган ватандош мутахассисларни мактаблардаги таълим сифати мавзусида муҳокамага чорлади.

Унда Ўзбекистон ва дунёда мактаб таълимидаги тенденциялар, муаммолар ва баҳсли масалалар ҳақида сўз борди.

Шуҳрат Сатторов, Республика таълим маркази директори:

— XXI асрда инсонларни ҳаётга тайёрлаш қанчалик ўзгарди ва бизда бу қанчалик амалга оширилмоқда. XX асрда кадрлар тайёрлашда фабрикача усул қўлланилган. Инкубация, яъни ҳаммага бир хил нарса ўқитилган ва ўргатилган. Бу ҳамманинг бир хил фикрлашига олиб келади. Бу – жамият учун деярли фожиа, чунки рақобат йўқолади. Бизда шу сақланиб қолган ва таълимда энг катта ўзгартириш керак бўлган муҳим жиҳатлардан биридир.

Шуҳрат Сатторов

Айни пайтда Ўзбекистонда шу фабрикача, ҳаммани бир хил фикрлашга ўргатадиган тизимдан секин-аста воз кечишга ҳаракат қиляпмиз. Бугун таълимда индивидуал қизиқишлар юзага чиқиши керак. Ҳар бир боланинг қизиқиши ва қобилиятига қараб ўзига хос ёндашув йўлга қўйилиши керак.

Биз XXI асрда яшаяпмиз, аммо дарсликларимиз XX асрдаги фақат маълумотга, матнга асосланган ҳолда қолмоқда. Методикамиз ҳам шу аҳволда. Энди болаларимизда кўникма шакллантирувчи таълим керак, улар келажакни мўлжалга олишни ўрганишлари керак.

Энди тестларни ёдлаб институтга кириш эмас, ҳаётда муваффақиятга эришиш, бахтли бўлиш учун кўникмаларни шакллантириш асосий мақсад бўлиб турибди.

Мардон Юсупов, математика ўқитувчиси (Буюк Британия):

— Таълим тизими сифати ўқитувчилар сифатидан оша олмайди, деган гап бор. Демак, бу ўрганиш жараёни билан боғлиқ бўлиб, шу жараённи бошқарувчи ўқитувчилар малакасини оширишга, ўқитувчиларни тайёрлашга катта урғу бериш керак. Боладаги ўзгаришнинг катта қисми шу муҳитда рўй беради. Ўқитувчи жараённи дизайн қилувчи шахс: шу процессни тузади, бошқаради ва такомиллаштиради. Таълим инфраструктураси эса унга яхши шароитни яратиб бериши керак. Шундагина таълимда сезиларли ўзгариш бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришлардан хурсанд бўламан. Шу ўринда айтиш керакки, ўқитувчиларни тайёрлашда Англияда талаб жуда юқори уларга. Бу соҳадаги муаммолардан бири – соҳада кадрлар етишмовчилиги. Чунки етарлича кадр бу соҳага ўқишга топширмайди.

Финландияда эса бунинг тескариси: жуда кўпчилик ўқитувчи бўлишни истайди. Сабаби у ерда ўқитувчи бўлиш обрўли касб ҳисобланади. Умуман, таълим сифати юқори бўлган барча мамлакатларда ўқитувчилик обрўли касб эканини кўриш мумкин.

Мен икки жиҳатга урғу беришни истардим: ўқитувчининг дарс бериши учун шароитларни яхшилаш ва ўқув дастурларини замонага мос равишда янгилаш лозим.

Аюбхон Раджиев, Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ректори:

— Шароитни зўр қилиш, дарсликларни зўр қилиш мумкин, энг салоҳиятли ўқитувчиларни тайёрлаш мумкин. Аммо халқимизнинг таълимга бўлган муносабати ўзгармас экан – буларнинг бари фойдасиз бўлиб қолади. Халқимизнинг маорифга, таълим тизимига муносабатини ўзгартиришимиз керак.

Бир ёқадан бош чиқариб, таълимга ривожланишнинг устуни деб қаралмас экан, ҳаракатларимиз самарасиз қолади.

Жанубий Корея мисолида оладиган бўлсак, энг қашшоқ давлатлардан бири бўлган бу мамлакатнинг охирги 50 йилда эришган ютуқларига 18 та Европа мамлакатлари биргаликда эришолмаган. Сабаб – уларнинг таълимга бўлган муносабати бутун халқнинг ҳаракатига айланган.

Таълим тизимининг қайси бўғинига қарамайлик, муаммоларимиз етарлича. Буни узлуксиз деб оладиган бўлсак, олий таълимга тақалади. Негаки, ўқитувчи ўша ердан келади, у ерга борадиган абитуриент эса мактаб таълими маҳсули, янаям чуқурроқ қаралса, мактабгача таълимга тақалади. Таълимни ривожлантириш жараёнини цикл деб олсак, битта томонга урғу бериб, қолганларида ўзгариш бўлмаса, цикл тўғри айланмайди: қаердадир тўхтаб қолади.

Шу пайтга қадар моддий техник базага зўр берилди. Ҳозирги кунда сармоя таълим мазмунини ўзгартиришга тикиляпти. Халқимизнинг таълимга муносабати қанчалик ўсса, киритилаётган сармоя шунчалик натижа беради.

Жамила Маҳмудова, ўқитувчи (Швеция):

— Швеция таълимини оладиган бўлсак, бу ерда бирхиллик йўқ, танлов жуда кўп. Швецияда қандай дарсликдан фойдаланиш ва дарсни қандай ташкил қилишни ўқитувчининг ўзи ҳал қилади – эркинлик бор унда. Ҳар бир ўқувчи билан индивидуал ишланади.

Ўзимнинг фаолиятимни оладиган бўлсам, битта ҳикоя ёздириш учун қайсидир ўқувчига озгина йўналиш берсам кифоя. Яна бир нечтасига керакли сўзларни топишда ёрдам бераман, айримлари учун эса тайёр ҳикояни бериб, баъзи ўринларини тўлдиришнигина сўрайман. Битта синф, бир хил топшириқ, лекин ҳар қайсисига турлича ёндашув кузатилади.

Яъни маъқул сўз танлашни билмайдиган ўқувчидан бирданига ҳикоя ёзиш талаб қилинмайди. Акс ҳолда боланинг билим олишга бўлган иштиёқи сўнади.

Биз бир ўқитувчи сифатида болада ўқишга бўлган муҳаббатни оширишга хизмат қиламиз.

Яна шундай методика борки, ўрганиш учун битта объект танланади – буни ҳамма ўқитувчи бирга танлайди. Бутун ҳафта давомида ҳар битта фанда шу мавзу ўрганилади. Масалан, она тилида шу мавзуда иншо ёзилади, географияда шу мавзу билан танишиш мумкин бўлган музейга олиб боради, тарихда эса унинг келиб чиқиши ўрганилади. Ҳар йили камида икки марта шундай усул қўлланилади мактабларда.

Бундан ташқари эркинлик бор: ўқитувчига хато қилиш ва ундан хулоса чиқаришга имконият яратиб берилади.

Алишер Алихон, ўқитувчи (Бирлашган Араб Амирликлари):

— Бу ерда бола мактабга қабул қилинганда имтиҳон қилинади. Бу имтиҳон келгусида бола билан қандай ишлаш мумкинлиги, унга қайси йўл билан ёндашилса яхши натижа бериши мумкинлигини кўрсатиб беради. Шу жараёнда ундаги барча қобилиятлар ва камчиликлар аниқланади. Ўқитувчи келгусида шунга қараб унга ўргатишнинг маъқул усулини танлайди.

Боланинг ўрганиш қобилиятига қараб ўргатиш йўлга қўйилмоқда. Ўқитувчи аввалига синфдаги болаларни ўрганиб чиқади: қайсидир бола эшитиб, қайсидири кўриб, яна кимдир жонли мисоллар орқали яхшироқ ўрганади.

Бундан ташқари, дарс жараёнига халал берадиган ҳар қандай сабаб бартараф этилади. Ўқитувчи фаолиятига тўсиқ бўлиб, дарсда ўзини тутолмаётган болалар ҳақида хабар бериш учун патрул хизмати йўлга қўйилган. Дарс жараёнига халал бераётган бола дарсдан олиб чиқиб кетилади ва мутахассислар у билан ишлашади. Яъни ўқитувчи уни тинчлантириш, тартибга чақириш учун вақт ва энергия сарфламайди.

Жамила Маҳмудова, ўқитувчи (Швеция):

— Дарҳақиқат, ўқитувчи учун яратилган муҳит жуда муҳим. Улар бир нарсадан ортиқча сиқилмаслиги, унинг кайфиятига таъсир қиладиган ёмон омиллар бўлмаслиги, директоридан қўрқиб турмаслиги, дарсини бузадиган ўқувчи бўлмаслиги лозим. Бунда унинг билим бериш даражасига путур етади. Бунда ҳар қанақа тўсиқ олиб ташланиши шарт.

Швецияда шунақа ҳолатга дуч келган ўқитувчи дарҳол рапорт беради ва бу масала ўша заҳоти жуда чиройли тарзда бартараф этилади. Унга яхши дарс бериши учун халақит бераётган ҳар қандай муаммо ечилади: у бирор нарса бўлиши, бирор ўқувчи бўлиши, ҳаттоки атрофдаги мебель билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин.

Шуҳрат Тоиров, Тошкентдаги хусусий мактаб директори:

— Ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги муносабат масаласи энг асосий муаммолардан бири бўлиб турибди ҳамма мактабларда. Ўқитувчига тўсқинлик қиладиган шундай ҳолатлар бизда ҳам кўп. Бунақа ўқувчилар билан психологлар иш олиб боради. Ҳар чоракда ўқувчилар электрон тизим орқали баҳоланади ва бу баҳонинг катта қисми боланинг тарбияси билан боғлиқ. Чунки тарбия бўлмаган жойда таълим сифати бўлмайди.

Шуҳрат Сатторов, Республика таълим маркази директори:

Мактабга келган бола руҳияти синмаган бўлиши керак. Муаммоли бола – муаммоли оиланинг фарзанди бўлади. Баъзида асабий ҳолатдаги ўқитувчи ҳам бола онгида ўқитувчи сиймосини ўзгартириб юборади.

Ўқитувчи мақомини кўтаришимиз, мактабга энг яхши кадрлар келиши керак. Мактабни битираётган энг яхши билимли болалар прокурор ёки судья эмас, ўқитувчи бўламан дейиши керак. Ана шунда таълим тизимига янги қон кириб келади.

Кўрсатувда мактаблар раҳбарияти, ўқитувчи тайёрлаш ва малакасини ошириш, болага мотивация бериш, хусусий мактаблар ҳақида ҳам сўз борди. Тўлиқ суҳбатни видео орқали томоша қилинг.

Kun.uz мухбирлари:
Гулмира Тошниёзова,
Шоакмал Исроилов
Тасвирчи ва монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов

Мавзуга оид