Жаҳон | 13:47 / 22.03.2021
18926
11 дақиқада ўқилади

Дунёдаги вазият: Германия ва Польша учинчи тўлқин домида қолди

Европа мамлакатлари коронавируснинг учинчи тўлқини ҳақида гапиришмоқда: касалланиш кўрсаткичлари кескин ошиши фонида Германия ҳукумати карантин чораларини апрел ойи охиригача сақлаб қолишни мўлжалламоқда, Польшада Covid-19 билан касалланиш ҳолатлари ўтган ҳафтадаги кўрсаткичларга қараганда 30 фоизга ўсган. Бу вақтда Танзанияда минглаб кишилар ижтимоий масофага риоя қилмасдан, пандемияга скептик ёндашуви билан танилган марҳум президент билан хайрлашиш маросимига келишди.

Германия: қатъий карантин апрел ойи давомида ҳам амал қилади
Германия канцлери Ангела Меркель қатъий карантин чораларини камида 18 апрелгача сақлаб қолмоқчи. «Франс пресс» ва «Рейтер» агентликлари журналистларига келиб тушган қарор лойиҳаси матнига кўра, чекловларни апрел ойи давомида сақлаб қолиш режалаштирилган. Ҳужжат душанба куни ГФРнинг барча ҳудудлари раҳбарлари билан учрашувдан кейин тасдиқланиши кутилмоқда.

Март ойи бошида ўтказилган аввалги учрашувда барча ерлар раҳбарлари Меркел Covid-19’нинг янги штаммлари тез тарқалаётгани ҳақидаги огоҳлантирганига қарамасдан, карантинни босқичма-босқич енгиллаштириш бўйича режани маъқуллашганди. Аммо Германияда касалликка чалинганлар сони кескин ўса бошлади ва мамлакатда пандемиянинг учинчи тўлқини бошлангани ҳақида гапира бошлашди.

Шанба куни Роберт Кох институти 16 033та янги ҳолатни тасдиқлади -  бу бир ҳафта олдинги ҳолатга нисбатан 3359тага кўп демакдир. Якшанба куни ГФР аҳолисининг ҳар 100 минг нафарига 103,9та касалланиш ҳолати тўғри келаётганди. Институт экспертлари 100 минг кишига 100дан ортиқ ташхис тўғри кела бошлаганида жонлантириш бўлимлари янги касалларни қабул қила олмай қолишини прогноз қилишганди.

Германияда ўтган йилнинг декабрида карантин жорий этилганди, шу тариқа, агар бугун чекловлар яна узайтирилса, бу карантин давомийлиги беш ойни ташкил этади.

«Рейтер» маълумотига кўра, Германия хориждан келувчиларнинг барчаси учун мажбурий карантин жорий этиш эҳтимолини ҳам кўриб чиқмоқда. Шанба куни Меркель фуқароларни пасха таътиллари вақтида бошқа мамлакатларга кетмасликка чақирди.

Польша: касалланиш кўрсаткичлари бир ҳафта ичида уч баробар ошди
Коронавируснинг учинчи тўлқини Польшани бутунлай қамраб олган. Мамлакатда якшанба куни 21 минг 849 кишига Covid-19’дан зарарланиш ташхиси қўйилди, бу эса бир ҳафта олдинги кунлик кўрсаткичга қараганда 27 фоизга юқоридир.

Якшанба куни Польша соғлиқни сақлаш вазирлиги кун давомида 140 киши коронавирусдан вафот этганини маълум қилди. Вазир Адам Недзельский янги ҳолатларнинг 80 фоизи илк марта ўтган йил кузида Британияда пайдо бўлган Covid-19’нинг янги штамми билан боғлиқлигини маълум қилди.

Айни вақтда мамлакатдаги шифохоналарда мавжуд ўринларнинг 70 фоизи банд бўлган, сунъий нафас олдириш аппаратларига уланган беморлар сони пандемия давридаги энг юқори кўрсаткичларни қайд этмоқда. Польшада яна дала госпиталлари фаолияти тикланмоқда, бу орқали 8 мингта қўшимча койка бўлиши кўзда тутилган.

Ҳозиргача Польша аҳолисининг 13 фоизга яқини вакцинация қилинган: тиббиёт ходимлари 5 млн дозага яқин вакцина тарқатишган.

Шанба кунидан мамлакатда янги локдаун амал қила бошлади. 9 апрелгача савдо марказлари, меҳмонхоналар, спорт ва маданият муассасалари ёпиқ бўлади. Бошланғич синфлар ўқувчилари масофавий таълимга қайтишган (катта синф ўқувчилари анча вақтдан буён уйда ўқимоқда).

Польшада пандемия бошидан буён Covid-19 билан касалланганлар сони 2 миллиондан ошган, 49,3 минг киши ушбу касалликдан вафот этган.

Францияда карантин
Коронавирусга чалиниш ҳолатлари ўсиши ва шифохоналар тўлиши ортидан шанба ва якшанба кунлари Францияда қисман карантин амал қилди. Бу чеклов чоралари мамлакатнинг 16 ҳудудида, шу жумладан, Париж ва унинг атрофида яшовчи 21 миллион французга тааллуқли бўлди.

Кўплаб дўконлар ёпилган, бир региондан бошқа регионга ўтиш тақиқланган, фуқаролардан фақат уйдан ишлаш сўралмоқда. Аммо сартарошхоналар, гул салонлари ва автомобил устахоналари фаолиятига хавфсизлик чораларига амал қилган ҳолда ишлашга рухсат берилган. Шунингдек, бошланғич синф ўқувчилари мактабга қатнаши мумкин, катта синф ўқувчилари эса қисман онлайн таълим олмоқда.

Яшаш жойидан 10 км масофага узоқлашиш тақиқланади, фақат фавқулодда ҳолатлар бундан мустасно, бундай ҳолатларда фуқаролардан сафар сабаби кўрсатилган расмий хат кўрсатиш талаб этилади.

Кўплаб парижликлар карантиндан олдин шаҳардан чиқиб кетишга қарор қилишган: ёки поездларда ёки шахсий автомобилларида. Локдаун бошланишига бир неча соат вақт қолганида чекловлар амал қилмайдиган Лион шаҳри, Бретан ва бошқа вилоятларга поезд йўналишлари учун чипталар қолмаганди.

Пандемия бошидан буён Францияда вирусдан зарарланиш билан боғлиқ 4,2 миллиондан ортиқ ҳолат қайд этилган. Касаллик туфайли вафот этганлар сони 92 мингдан ошади.

Танзания: Covid-19’ни инкор қилган президентнинг дафн маросимига минглаб кишилар келди

Танзаниянинг минглаб фуқаролари мамлакатнинг марҳум президенти Жон Магуфулининг дафн маросимида иштирок этишди. Бу сиёсатчи коронавирус пандемиясига беписандлик билан ёндашуви орқали танилганди. Унинг ўлимига расман юрак хуружи сабаб бўлгани маълум қилинди, аммо мухолифатчилар у ковидга чалинганини айтишган. Ўлими арафасида президент бир неча ҳафта давомида одамларга кўриниш бермаган.

Марҳум президент билан хайрлашув маросимига келганлар ижтимоий масофа сақлашга риоя этишмаган, фақат саноқли кишилар тиббий ниқобда бўлган.

Миллий байроққа ўралган тобут Танзаниянинг энг йирик шаҳри бўлмиш Дор-ус-Саломдаги «Ухуру» стадионига ўрнатилган. Маросимда мамлакатнинг янги президенти, Магуфулу даврида вице-президент бўлган ва унинг қўққисдан вафот этиши туфайли қонунчиликка асосан 2025 йилгача президентлик қиладиган Самия Судуҳу Ҳассан раҳбарлик қилган.

61 ёшли сиёсатчи чоршанба куни вафот этганди.

Магуфули аввалига Танзанияда Covid-19 йўқлигини айтиб келган, кейинроқ тоат-ибодат билан коронавирус мағлуб этилганини маълум қилган. Феврал ойида бир неча нуфузли сиёсатчи касалликдан вафот этгач, Магуфули  мамлакатда Covid-19 борлигини тан олганди.

Европа AstraZeneca билан эмлашни тикламоқда
Европа мамлакатлари AstraZeneca вакцинаси билан эмлашни тикламоқда, Европа дори-дармон агентлиги (EMA) вакцина хавфсиз ва самарали эканини тасдиқлаганди.

Европанинг қатор мамлакатларида AstraZeneca препарати билан эмланганлар орасида қон қуюқлашиши ҳолатлари кузатилгач, регулятор мутахассислари тадқиқот ўтказишни бошлаганди.

Пайшанба куни ЕМА AstraZeneca вакцинаси билан эмлаш ҳамда бир неча пациентда тромбоз ҳосил бўлиши ўртасида боғлиқлик йўқлигини эълон қилди.

Шундан сўнг Франция, Германия, Италия, Португалия, Латвия ва Литва каби давлатларда AstraZeneca билан эмлаш қайта йўлга қўйилди.

Нидерландлар шу ҳафтадан AstraZeneca вакцинасини қўллашга қайтади. Мамлакат ҳукуматининг маълум қилишича, танаффус туфайли 110 минг кишини эмлаш кечикди.

Испания ҳам AstraZeneca вакцинасидан фойдаланишни қайта йўлга қўяди. Швеция ва Норвегия маҳаллий мутахассисларнинг тадқиқот натижаларини кутишга қарор қилган.

Жума куни Франция бош вазири Жан Кастекс ва Британия бош вазири Борис Жонсон AstraZeneca вакцинаси билан эмланди.

Кастекс Сен-Манде шаҳридаги ҳарбий госпитал ҳудудида вакцина қабул қилди, жараён BFMTV телеканали орқали жонли тарзда намойиш этилди. Инъекция қабул қилганидан кейин у ҳеч қандай нохушлик сезмаётганини билдирган.

Кастекс 55 ёшда ва у приоритетдаги категорияга кирмайди. Аммо бош вазир AstraZeneca вакцинасига тўлиқ ишониши ва фуқаролардаги шубҳаларни тарқатиш учун вакцинани қабул қилишга қарор қилган.

Борис Жонсон 56 ёшда, Британияда эса ҳозирда айнан 56-60 ёшлардагиларни эмлаш бошланган. Жонсон матбуот анжуманида AstraZeneca вакцинаси хавфсиз ва самарадорлигига ишончи комил эканини айтиб ўтди.

«Нима хавфли биласизларми - ковидга чалиниш. Шу туфайли биз биринчи имкониятдаёқ вакцинани қабул қилишимиз керак», деган у.

Жонсон 2020 йил апрелида коронавирусга чалиниб, жонлантириш бўлимига тушган, касалхонадан чиққач, ўзининг ҳаётини сақлаб қолгани учун шифокорлар ва ҳамшираларга миннатдорчилик билдирганди.

Фестиваль-эксперимент
Дам олиш кунларида Нидерландияда очиқ осмон остида тажрибавий мусиқа фестивали ўтказилди, унда иштирок этганлар диджейлар қўйган мусиқа садолари остида худди пандемиягача бўлган даврдаги каби рақс тушиб, кўнгилхушлик қилишди.

«Back to Life» («Ҳаётга қайтиш») номини олган фестивал Амстердам яқинидаги Биддингхёйзен қишлоғида ташкиллаштирилди ва Нидерландия ҳукумати ҳамда кўнгилочар объектлар соҳаси саноатининг қўшма лойиҳаси бўлмиш Fieldlab ташкилоти тадқиқотларининг бир қисми бўлди. Тадқиқотдан мақсад - пандемия даврида энг кўп зарар кўрган саноат келажаги учун оптимал қарор топишдир.

Келувчилардан коронавирус тестининг манфий натижасини кўрсатиш талаб этилади, уларнинг бўйнида ҳаракатни кузатиш имконини берувчи махсус приборлар осилган бўлади. Бир неча кун ўтиб улар яна коронавирусга тест топширишади. Маросим қоидаларига кўра, иштирокчиларнинг барчаси тиббий ниқобда бўлиши шарт ҳисобланади. Аммо амалда деярли ҳеч ким ниқоб тақмаганди.

Ташкилотчилар фестивал ҳақида эълон қилишганида, унда иштирок этиш учун 1500 ўринга 100 мингдан ортиқ киши мурожаат қилган. Воқеа жойидан хабар берган BBC мухбирининг айтишича, ташриф буюрувчиларнинг маросимдан кўнгли тўлган. Улар бу ерда ҳақиқий ҳаётдаги барча қийинчиликлар парда ортида қолганини ҳис қилишган.

Шу билан бирга, Нидерландия ҳукумати коронавирусга чалиниш билан янги ҳолатлар кескин ўсишидан хавотирга тушмоқда: шанба куни 7593 кишида вирус аниқланди, бу эса ўтган ҳафтанинг шу кунидагига қараганда 20 фоизга кўпроқдир.

Майами-Бичда талабалар оқими туфайли комендантлик соати
АҚШдаги курорт шаҳар Майами-Бичда шаҳар расмийлари баҳорги таътилни ўтказиш учун келаётган талабалар оқими  туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилди. Чекловлар коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган.

Ресторанлар ва кафеларда деразалар ва мебеллар синдирилиши билан кечган бир неча кунлик тўс-тўполондан кейин ҳукумат соат кечки 8дан эрталабки 6га қадар амал қилувчи комендантлик соати жорий этди, бу чекловлар уч кун амал қилади.

Шаҳар кўчаларида SWAT махсус хизмати жангчилари навбатчилик қилмоқда. Шанба куни полиция йиғилганларни тарқатиш учун кўздан ёш сиздирувчи газ қўллади - йиғилганлар бир-бирига яқин турган ва уларда ниқоб йўқ эди.

«Шаҳримиз тартибсиз ҳолатга келди. Биз сиёсатимизни улар ўт қўйиб юбормаслигига умид қилган ҳолда олиб бора олмаймиз», дея вазиятни изоҳлаган Майами-Бич мэри Дэн Гелбер.

Флорида - АҚШнинг коронавирусдан энг жиддий жабр кўрган штатларидан бири бўлиб, пандемия бошидан буён бу ерда қарийб икки миллион киши вирусдан зарарланган.

Мавзуга оид