07:54 / 23.03.2021
7774

Қурилиш ишларидаги тизимли камчилик ва муаммолар маълум қилинди

Фото: Kun.uz

Президентнинг “Қурилиш жараёни иштирокчиларининг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш, қурилиш соҳасида назоратни кучайтириш ва сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, таҳлиллар қурилиш ишларини амалга ошириш, назоратини ташкил этиш ва шаффофликни таъминлашда тизимли камчилик ва муаммолар мавжудлигини кўрсатган.

Хусусан:

биринчидан, шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари мукаммал эмас, натижада сифатсиз ва ноқонуний қурилишларга йўл қўйилмоқда;

иккинчидан, қурилиш объектида лойиҳа ташкилотлари томонидан муаллифлик назоратини олиб бориш механизми жорий этилмагани қурилиш сифати ҳамда бино ва иншоотлар энергия тежамкорлиги ва самарадорлигини оширишда муаммолар келтириб чиқармоқда;

учинчидан, лойиҳалаштириш учун лойиҳаолди ҳужжатлари, жумладан, техник шартлар, лойиҳалаш учун техник топшириқ тўғри ишлаб чиқилмаслиги, муаллифлик назорати тўлиқ олиб борилмаслиги лойиҳа ҳужжатларининг сифати кескин пасайишига олиб келмоқда;

тўртинчидан, буюртмачи хизмати учун ҳақ тўлаш механизми такомиллашмаган, иш юкламалари, моддий жавобгарлик, қурилиш-пудрат ташкилотлари ходимларига қўйиладиган талаблар мавжуд эмас;

бешинчидан, қурилиш ишлари устидан назорат ўлчовини амалга ошириш ҳамда объектларда назорат тизимли таъминланмагани, шунингдек қурилишни ташкил этиш ва ишлаб чиқариш лойиҳаларини қурилиш жараёнига жорий қилишнинг ҳуқуқий механизми мавжуд эмаслиги масъуллар жавобгарлигини аниқ белгилашга тўсиқ бўлмоқда;

олтинчидан, маҳаллий ҳокимият ва давлат бошқарув органлари раҳбарларининг қурилиш жараёнига асоссиз аралашуви натижасида объектларни муддатидан олдин фойдаланишга қабул қилиш ёки қабул қилишнинг муҳим саналарини белгилаш қурилиш жараёни технологияларининг бузилишига ҳамда бино ва иншоотларнинг хавфсизлик даражаси камайишига, асоссиз харажатларга олиб келмоқда;

еттинчидан, назорат қилувчи органлар томонидан назорат инспекцияси ходимларининг тизимли текшириш жараёнларига мутахассис сифатида жалб қилиниши соҳа мутахассисларининг ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслигига, давлат назорати тўлақонли таъминланмаслигига сабаб бўлмоқда;

саккизинчидан, айрим қурилиш объектлари ўрнатилган тартибда фойдаланишга қабул қилинмаган бўлса-да, объектларни давлат рўйхатидан ўтказиш (мулк ҳуқуқи берилиши) ҳолатларига йўл қўйилиши объектлардан фойдаланувчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Top