Ўзбекистон | 11:37 / 25.03.2021
3656
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ҳарбий-тарихий жамият ташкил этилади

Президентнинг “Ҳарбий тарихни ўрганиш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон ҳарбий тарихини ўрганиш ишларини жадаллаштириш, миллий давлатчилик вужудга келиши ва тараққий топган даврларда ҳарбий соҳада эришилган ютуқларни тарихий далиллар асосида мустаҳкамлаш ва оммага етказиш, аҳолининг барча қатлами, айниқса ёшлар қалбида миллий руҳ, ватанга меҳр ва садоқат, адолат туйғусини ҳар томонлама кучайтириш, буюк саркардаларнинг бой жанг санъатидан кенг фойдаланиш, бу борада илмий, илмий-оммабоп, бадиий, ўқув-услубий, маърифий адабиётларни тайёрлаш ҳамда аҳолининг мамлакат тарихи ҳақидаги билимларини янада ошириш мақсад қилинган.

Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Фанлар академиясининг:

  • “Аждодлар изидан” ҳарбий-тарихий жамиятини ташкил этиш;
  • “Аждодлар изидан” илмий-оммабоп журналини таъсис этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.

Жамият фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:

  • махсус тузилган қидирув гуруҳлари ва экспедицияларининг саъй-ҳаракатлари билан қадим ўтмишда, ўрта асрларда, яқин тарихда Ўзбекистон ҳудудида, шунингдек, унинг чегараларидан ташқарида бўлиб ўтган ҳарбий-тарихий аҳамиятга эга тарихий ҳужжатлар ва воқеалар тавсифини тўплаш ишларини ташкиллаштириш ва амалга ошириш;
  • ушбу ҳудудда яшаган, босқинчиларга нисбатан озодлик ва мустақиллик учун курашиб қаҳрамонлик кўрсатган ҳарбий саркардалар, бошлиқлар, қабила ва миллат раҳбарлари фаолиятини ўрганиш;
  • музей, кутубхона ва архивларда, шу жумладан, хорижий давлатлардаги мазкур муассасаларда илмий-тадқиқот ва қидирув ишларини олиб бориш;
  • таниқли олимлар, тарихчилар, археологлар, мутахассисларни жалб қилган ҳолда йиғилган маълумотларни тизимлаштириш, ҳарбий юришлар, миллий озодлик курашлари, уларнинг бошлиқлари қўлланилган стратегия ва усулларни матнли ҳамда график тавсифлари акс эттирилган тарзда Ўзбекистон тарихида юз берган ҳарбий-тарихий воқеалар харитасини тузиш;
  • Ўзбекистонда юз берган ҳарбий-тарихий воқеалар харитаси асосида давлат, жамоатчилик, кўнгиллиларни жалб қилган ҳолда, ҳудудларда ҳарбий-тарихий маданий мерос объектлари тизимини барпо этиш, сайёҳларнинг мавзуга оид йўналишларини, келгусида хорижий меҳмонлар ва аҳоли, айниқса мактаб ўқувчилари ва талабалар учун экскурсияларни ташкиллаштириш мақсадида тегишли саҳна кўринишлари акс эттирилган ёдгорлик мажмуалари, ёдгорликлар, музей мажмуаларини қуриш.

Ташқи ишлар вазирлиги:

  • жамият мурожаатига асосан ҳарбий тарих бўйича илмий-тадқиқот ва қидирув ишларини ташкиллаштиришда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан илмий ҳамкорлик ўрнатиш ва ривожлантиришда амалий ёрдам кўрсатади;
  • Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ўзбекистонлик аскарларнинг хорижий давлатлар ҳудудидаги қабрлари ва уларнинг ҳолати ҳақида маълумотларни шакллантиради.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Қарши шаҳридаги “Ватанпарварлар” боғида жойлашган “Ватан мудофааси тарихи” музейи экспозициясини “Амир Темур ва Тўхтамишхон жанги” панорамаси тарзида қуриш ишларини якунлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш