11:22 / 26.03.2021
1874

«Миробод деҳқон бозори»да банкоматни очишга уринган шахс ушланди

2021 йилнинг 15 март куни соат 02:00да номаълум шахс Тошкент шаҳри, Миробод тумани “Миробод деҳқон бозори” ҳудудида жойлашган “Халқ банки” АТБ Миробод тумани филиалига қарашли бўлган “Uzcard NCR 6622” русумли банкоматни ўзи билан бирга олиб келган темир жисм билан очишга уринган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, у сейфга жамланган 82 080 000 сўм миқдоридаги пул маблағларини қўлга киритиш мақсадида банкомат ичига жойлаштирилган сейфни бузмоқчи бўлган, лекин бу ишни охирига етказа олмасдан ҳодиса жойидан яширинган.

Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни 26 ёшли Камолиддин Э. содир этганлиги аниқланиб, у процессуал тартибда ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Камолиддин Э.га нисбатан Жиноят кодексининг 25,169-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, у гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.

Ҳозирда тергов давом этмоқда, дейилади хабарда. 

Top