Иқтисодиёт | 20:20 / 26.03.2021
6046
3 дақиқада ўқилади

Вилоятларнинг ишбилармонлик фаоллиги индекси эълон қилинди

Ўтган ойда Фарғона вилоятида ишбилармонлик фаоллиги бўйича энг юқори ўсиш кузатилди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг Kun.uz’га маълум қилишича, республикада феврал ойидаги ишбилармонлик фаоллиги индекси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,4 фоизга ошган.

Хусусан, Фарғона вилоятида 51,3 фоиз ўсиш кузатилган ва бу энг юқори кўрсаткич сифатида қайд этилган. Кейинги ўринларда Бухоро (44,1 фоиз) ва Самарқанд (35,2 фоиз) вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида (34,5 фоиз) сезиларли даражада ўсиш кузатилган.

Ўтган ойда Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллиги индекси январга нисбатан 9,9 фоизга ошди. Бунда ўсиш қуйидаги таркибий қисмлар даражасидаги ўзгаришлар билан боғлиқ бўлди:

  • хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақаларидаги операциялар сони 19,6 фоизга;
  • фаолият кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектлар бўйича компонент 1,3 фоизга;
  • товар-хомашё биржасида хомашё сотиб олиш жадаллиги 6,8 фоизга;
  • товар белгилари бўйича компонент 0,5 фоизга ошган.
2021 йил феврал ойида ҳудудлар кесимида ишбилармонлик фаоллиги индекси

 

2021 йилнинг феврал ойида ишбилармонлик фаоллиги индекси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,4 фоизга ошган.

Банк ҳисобварақалари бўйича операциялар

2021 йил феврал ойида банклараро тўлов операциялари сони 4,3 млн. тани ташкил этган ва январга нисбатан 715,4 минг транзакцияга (19,6 фоиз) ошган.

Ўтган ойда республиканинг 14 та ҳудудида юридик шахслар ўртасидаги банк операциялари сони январга нисбатан ўсган. Хусусан, сезиларли даражадаги ўсиш Хоразм (26,9 фоиз), Қашқадарё (26,5 фоиз), Сирдарё (24 фоиз), Жиззах (23,6 фоиз) ва Навоий (23,5 фоиз) вилоятларида кузатилган.

Товар-хомашё биржасидаги фаоллик

2021 йилнинг феврал ойида ишбилармонлик фаоллиги индексининг биржа компоненти ўтган ойга нисбатан 6,8 фоизга ошган. Бунда битимлар сонининг 20,8 фоизга кўпайганлиги билан изоҳланади.

Республика товар-хомашё биржасида товарлар савдоси умумий айланмаси ҳажми ўтган ойда 4,8 трлн. сўмни ташкил этиб, январга нисбатан 18,5 фоизга ошган.

Хўжалик юритувчи субъeктларнинг фаоллиги

Фаолият юритаётган хўжалик субъектлари бўйича компонент 2021 йил феврал ойида январга нисбатан 1,25 фоизга ошгани маълум бўлган.

Феврал ойида фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар сони январга нисбатан 7 минг 338 тага кўпайиб, 531 минг 474 тани ташкил этган.

Ҳисобот даврида январга нисбатан кичик корхоналар сони 417 минг 244 тадан 423 минг 511 тагача ошган). Фермер хўжаликлари сони 103 минг 900 тадан 104 минг 945 тагача кўпайган.

Йирик тадбиркорлик билан шуғулланаётган субъектлар сони 3 минг 18 тани ташкил этиб, 2021 йилнинг январ ойига нисбатан 26 тага ошган.

Брeндларни рўйхатга олиш

2021 йил февралида товар белгилари бўйича компонент январга нисбатан 0,5 фоизга ошган. Ўтган ойда юридик шахслар томонидан 225 та товар белгилари ва товар номлари рўйхатга олинган.