14:16 / 27.03.2021
34557

Ўзбекистонда қурилиши кўзда тутилган пулли йўлларнинг тахминий нархи ва муддати маълум қилинди

ЎзЛиДеП пресс-клубида Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги вакили Тошкент — Андижон пулли йўлининг нархи ва у ерда автомобилларга қандай тезлик чекловлари қўйилишини маълум қилган эди.

Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги Ўзбекистонда пулли йўлларнинг қурилиши ва бу борада қилинаётган ишлар борасида Kun.uz’га батафсил маълумот берди.

Маълум қилинишича, бугунги кунда ҳукуматда Тошкент–Андижон ва Тошкент–Самарқанд пулли автомобил йўлларини қуриш лойиҳалари мавжуд.

Тошкент–Андижон пулли йўлини қуриш бўйича дастлабки техник-иқтисодий асослар (ДТИА) Жаҳон банки консултантлари томонидан ишлаб чиқилган ва 2020 йилда тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган. Лойиҳа бўйича “Инвестициядан олдинги тадқиқот” (Pre-investment study)ни ўтказиш бўйича консултантни аниқлаш ишлари бошланиш арафасида. Бир йилдан кўпроқ муддат давомида ўрганиш ишлари ўтказилгандан сўнг халқаро тендер эълон қилинади.

Тошкент–Самарқанд пулли автомобил йўли бўйича Европа тикланиш ва тараққиёт банки консултантлари билан битим имзоланди ва ҳозирда ДТИА бўйича ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Бироқ иккала лойиҳа бўйича ҳам ҳали қурилиш ишлари бошланмаган. Қурилиш ишлари икки босқичли тендер асосида танланган халқаро инвестор билан ДХШ тўғрисидаги битим имзолангач бошланади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Тошкент–Андижон пулли автомобил йўли лойиҳасининг умумий қиймати 2 миллиард доллардан ошади. 340 кмлик йўл учун умумий қурилиш даври, қурилиш кетма-кетлигига кўра, 5–10 йилни ташкил этиши мумкин.

Тошкент–Самарқанд пулли автомобил йўли лойиҳасининг умумий капитал харажатлари тахминан 1,5 миллиард доллардан ошади. 300 кмлик йўл учун умумий қурилиш даври, қурилиш кетма-кетлигига кўра, 5–8 йилни ташкил этиши мумкин.

Жаҳон банки ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, иккала пулли йўллардан фойдаланиш нархлари енгил автомобил ва енгил юк машиналари учун тахминан 5 ва 7 доллар, юк машиналари ва автобуслар учун 15–20 долларгача этиб кўрсатилган.

“Ушбу лойиҳалар бўйича президент қарори қабул қилиниши кўзда тутилган бўлиб, мазкур қарорда йўлдан фойдаланувчилар учун нархлар ўзгариши ёки тўловнинг маълум қисми субсидия ҳисобига қопланиши ёхуд йўлнинг бепул бўлиши ва имтиёзга эга бўлган фойдаланувчилар рўйхати шакллантирилиши масалаларига аниқлик киритилади.

Шунингдек, ҳали мазкур лойиҳалар бўйича аниқ белгиланган маршрут ва нархлар мавжуд эмас. Сўнгги тасдиқланган рақамлар ҳукумат ва инвесторлар ўртасида тузиладиган келишув асосида аниқ бўлади. Айтилган рақамлар халқ амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳалар бўйича умумий тушунчага эга бўлиши учун маълум қилинди. Шунингдек, халқаро тажрибага кўра, пулли йўл қурилганда, одатда, аҳоли учун бепул алтернатив йўл сақланиб қолади.

Ҳозирда иккала лойиҳа бўйича ишлар деярли бир хил босқичда. Лойиҳалар кўлами ва таъсири жиҳатидан Ўрта Осиё бўйича йирик лойиҳалардан бўлгани учун жаҳон тажрибаси жиҳатидан узоқ муддатда амалга оширилиши нормал ҳолат ҳисобланади. Чунки одатда йўл лойиҳаларига оид рисклар жуда кўп бўлади”, – дейилади агентликнинг Kun.uz’га тақдим қилган маълумотида.

Top