Ўзбекистондаги халқаро аҳамиятдаги абгор йўллар

Бугунги кунда Ўзбекистонда республика аҳамиятига эга 16 909 км, халқаро аҳамиятдаги 3 626 км йўл бор. Масаланинг барча учун ёқимсиз томони шундаки, бу йўлларнинг анчагина қисми таъмирталаб ҳолатда. Шаҳар, вилоят ёки давлатлараро қатнайдиган ҳайдовчиларнинг ҳар кунлик кечмишлари йирик “яма”лардан бошланиб, уваланиб кетган йўлларгача давом этади.

Вазият “Алмати – Бишкек – Тошкент – Термиз” йўналишидаги М-39 йўли ҳақида аввалроқ Kun.uz тайёрлаган лавҳада ҳам очиб берилганди. Шунингдек, 820 кмлик “Тошкент – Келес –Қозоқкенсой – М39” автомобил йўли ҳам дуруст ҳолатда эмас. Катта “яма”лар ҳосил бўлиб, ҳар ёғингарчиликда сувга тўлади. Таҳририятга ўтган ҳафтада келиб тушган тасвирларда буни яққол кўриш мумкин.

Ёки Бухородан Хивага боргунча Газли шаҳри биқинидаги йўлнинг ёмонлиги анча вақтлардан бери кўплаб сайёҳларнинг эътирозларга сабаб бўлади. Бу тарихий шаҳар яқинидаги йўл ҳали ҳам таъмирланмаган.

Қорақалпоғистоннинг ғарбий қисмида, Устюртда жойлашган А-380 “Ғузор – Нукус – Қўнғирот – Бейнов” автомобил йўлининг 300 километрдан ошиқроқ қисми ҳам жуда абгор аҳволда қоляпти. Тармоқларда бу йўлдан ўтаётганида машинаси носоз ҳолга тушган ҳайдовчиларнинг кўплаб видеолари ҳам тарқалган.

Сифатли йўлларнинг аҳамияти

Прогнозлаштириш ва иқтисодий тадқиқотлар институти маълумотларига кўра, 2017-2022 йиллар оралиғида Ўзбекистонда автомобилларнинг юк ташиш ҳажми 1,5 баробарга ошган.

2017 йилда автомобил транспорти орқали 5,6 млрд йўловчи ташилган бўлса, 2022 йилга келиб бу кўрсаткич 6,2 млрдга етган. 2022 йилда йўловчи ташишда автомобил транспортининг улуши 97,5 фоизни ташкил этган.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Ўзбекистонда йўловчи ва юкларнинг мутлақ катта қисми автомобил транспорти орқали ташиляпти.