Жамият | 15:51 / 28.03.2021
26818
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда кучли ёмғир туфайли кўчаларни яна сув босди

27-28 март кунлари рўй берган ёғингарчиликлар нафақат Самарқанд шаҳрида, балки вилоятдаги яна бир қатор аҳоли пунктларида кўчаларни сув босишига сабаб бўлди. Оқибатда нафақат пиёдалар, балки автомашиналарнинг ҳам ҳаракатланиши қийин бўлиб қолди.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг хабар беришича, Оқдарё тумани марказидаги Наврўз ва Абдулла Қодирий номли кўчаларда, «Оқдарё деҳқон бозори» атрофидаги кўчаларда, Каттақўрғон туманидаги Мирзо Улуғбек номли маҳалласининг Алишер Навоий номли кўчасида, Каттақўрғон шаҳридаги Бобур номли кўчаларда оқова сувлар тўпланиб қолган. Хабарда маълум қилинишича, ФВВ вилоят бошқармаси ёнғин-қутқарув гуруҳлари тўпланиб қолган сувни чиқариб ташлаш ишларида қатнашган.

Бундан ташқари, Челак шаҳарчасидаги асосий кўчаларни ҳам сув босган ва вилоят ФВБ ходимлари у ерда ҳам тўпланган сувни чиқариб ташлаш ишларида қатнашган.

Самарқанд вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси, сўнгги кунларда ёмғир сувларининг тошиб, аҳоли хонадонлари, ҳовлилар ва ички кўчаларга тўпланиб қолаётганига айрим фуқаролар томонидан ички ариқларнинг кўмиб юборилаётгани, оқибатда сув ўтказиш имкониятининг пасайиб кетаётганини сабаб қилиб кўрсатган.

Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги халқ тилида «Макаронка» деб номланувчи Чуқурйўл кўчасида ҳам сел оққан. Ҳар ёмғир ёққанида бу кўча бўйлаб сел оқади. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ўтган йил август ойида 7 миллиард сўм эвазига Чуқурйўл кўчасида таъмирлаш ишлари бошланганини эълон қилган эди. Афсуски, орадан 8 ой ўтган бўлса ҳамки, мазкур кўчадаги муаммолар ҳал бўлмади. Ҳанузгача осмондан тўртта ёмғир тушса ҳам, шу кўчадан сел оқяпти. Ўтган 8 ойда бу кўчада сел оқиши билан боғлиқ муаммолар қанчалик бартараф этилди, бир Худога-ю, бир шаҳар ҳокимлигидаги масъул мутасаддиларга аён. Шаҳар аҳолиси эса 8 ой давомида бу ерда қандай ишлар амалга оширилди, ҳеч қандай маълумотга эга эмас ва ҳар ёмғир ёққанда бу кўчада фаолият олиб бораётган тадбиркорлар ва уларнинг ишчилари, шунингдек, бу ердан ўтиб қайтадиганлар юрагини ҳовучлаб ўтиради.

P.S. Самарқанд вилоятининг аксар туманларида бугун ҳам вақти-вақти билан кучли ёмғир ёғиб турибди.

Мавзуга оид