23:05 / 29.03.2021
8815

Xiaomi янги смартфони Mi 11 Pro’ни тақдим этди

Фото: Getty Images

Хитойнинг Xiaomi компанияси 29 март куни янги қурилмалари тақдимотини ўтказди. Тақдимотда бир нечта янги гаджетлар, жумладан, Mi 11 Pro смартфони намойиш қилинди.

Mi 11 Pro ҳозирда сотувда бўлган Xiaomi Mi 11’нинг яхшиланган версияси ҳисобланади.

Янги смартфон 164,3х74,6х8,53 мм ўлчамга эга. У Samsung’нинг 6,81 дюймли, 3200х1440 пикселли AMOLED-экрани билан жиҳозланган. Экран бармоқ изи сканерига эга ва Gorilla Glass Victus ҳимоя ойнаси билан таъминланган. Унинг чап юқори бурчагида 20 мегапикселли камера жойлашган.  

Смартфоннинг асосий камералар блоки учта камерадан иборат бўлиб, 50 Мпли Samsung ISOCELL GN2 сенсори ва Dual Pixel Pro автофокусига эга камерани, 13 Мпли OmniVision модули ва 5 карра оптик ҳамда 50 карра гибрид катталаштирувчи 8 Мпли OmniVision телеобъективини ўз ичига олади. Асосий камера сониясига 1920 кадр частота билан Full HD-видео ҳамда сониясига 30 кадр билан 8К-видеони олиши мумкин.

Қурилма 8 ядроли Qualcomm Snapdragon 888 процессори, Adreno 660 видеотезлаштиргичи ва Snapdragon X60 5G модеми билан жиҳозланган.

Xiaomi Mi 11 Pro’нинг эътиборга лойиқ жиҳати кремний-кислородли анодга эга 5000 мА-соат сиғимга эга аккумулятори ҳисобланади. Гаджет қувватлагичсиз таклиф қилинади, бироқ Хитойда уни бепул олиш мумкин. Смартфон 67 Втли симли ва симсиз қувватлагичдан қувватланади. У қурилмага 36 дақиқа ичида тўлиқ қувватланиш имконини беради.

Смартфон IP86 стандарти бўйича чанг ва сувдан ҳимоя олган Xiaomi тарихидаги илк қурилма бўлди. Компаниянинг таъкидлашича, синовлар вақтида смартфон 42 метр сув остига туширилганда ҳам ишлаш қобилиятини йўқотмаган.

Android 11 операцион тизими остида ишловчи янги қурилма 8 Гб тезкор хотира ва 128 Гб доимий хотира (760 доллар), 8 Гб тезкор хотира ва 256 Гб доимий хотира (810 доллар) ҳамда 256 Гб доимий хотира (870 доллар) билан сотувга чиқарилади.  

Top