22:37 / 31.03.2021
13513

Самарқандда қоидани бузиб қарама-қарши йўналишда ҳаракатланган ҳайдовчи пиёданинг ўлимига сабаб бўлди

Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида қоидани бузиб қарама-қарши йўналишда ҳаракатланган ҳайдовчи пиёдани уриб юборган. Оқибатда оғир тан жароҳатлари олган пиёда ҳодиса жойида вафот этган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Қайд этилишича, 2021 йил 29 март куни давлат аҳамиятидаги 4Р43 Маржонбулоқ-Зарметан-Қўшработ автомобиль йўлининг Қўшработ тумани Қуралас маҳалласидан ўтган 107 километрида ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган.

Маълум бўлишича, 62 ёшли ҳайдовчи ўз бошқарувида бўлган «Спарк» автомашинасида ҳаракатланиб кетаётганда қувиб ўтиш қоидаларини қўпол тарзда бузган. У йўлнинг қарама-қарши йўлагидан ўтиб, пиёдалар ҳаракатланадиган қисмига чиқиб кетган ва чап тарафда кетаётган 56 ёшли аёлни уриб юборган. Аёл олган оғир тан жароҳатлари туфайли вафот этган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан қоидабузар ҳайдовчига нисбатан жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, мазкур ЙТҲ содир бўлган маҳаллада вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан тарғибот муҳокамаси ўтказилган.

Top