20:24 / 01.04.2021
4048

Эндиликда онлайн кассалардан фойдаланувчи солиқ тўловчилар айрим ҳисоботлар учун ҳисоб-фактура шакллантириши шарт бўлмайди

Онлайн-НКМ (назорат касса машиналари)дан фойдаланувчи солиқ тўловчилар учун қўшилган қиймат солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ ҳисоботларининг айрим кўрсаткичларини автоматик шакллантириш тартиби жорий этилди.

Қайси ҳисоботлар учун электрон ҳисоб-фактура шакллантириш талаб этилмайди?

Эндиликда солиқ ҳисоботларида (ҚҚС ва айланмадан олинадиган солиқ) март ойида реализация қилинган товарлар суммаси онлайн-НКМ ва виртуал касса маълумотлари бўйича йиғилади.

Шу сабабли жорий йилнинг март ойидан онлайн-НКМ ва виртуал кассадан фойдаланаётган солиқ тўловчилар нақд пул ва (ёки) банк пластик карталари орқали амалга оширилган ҳисоб-китоблар учун бир томонлама ЭҲФ шакллантириши талаб этилмайди.

Ҳисоботлар автоматик шакллантирилади

Онлайн-НКМ орқали нақд пулда ва (ёки) банк пластик (корпоратив) карталари билан амалга оширилган ҳисоб-китоблар қўшилган қиймат солиғи (ҳисоб-китобининг 5-иловаси 6-7-устунлари) ва айланмадан олинадиган солиқ (ҳисоб-китобининг 1-иловаси 010-сатри) ҳисоботлари автоматик шаклланади.

Қайси даврдаги ҳисоб-китоблар ЭҲФ орқали жамланади?

Жорий йилнинг январ ва феврал ойлари учун нақд пулда ва (ёки) банк пластик карталари орқали амалга оширилган ҳисоб-китоблар аввалгидек бир томонлама шакллантирилган ЭҲФ орқали жамланади.

Кимлар бир томонлама ЭҲФ шакллантириши шарт?

Офлайн (оддий) НКМдан фойдаланувчилар нақд пул ва савдо терминалида банк пластик карталари орқали ҳисоб-китоблар бўйича бир томонлама ЭҲФ шакллантириши шарт.

ЭҲФ шакллантиришда яна нима муҳим?

Товар (хизмат)лар корпоратив карта орқали реализация қилинганда икки томонлама ЭҲФ ҳам шакллантирилган бўлса, сотиш суммаси икки марта кўпайиши мумкин. Бу ҳолатда камайишга бир томонлама ЭҲФ шакллантириш мақсадга мувофиқ.

Aввалроқ Давлат солиқ қўмитаси онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассаларга кафолатли хизмат кўрсатганлик учун ойлик тўловларнинг миқдори 2021 йил бошидан оширилгани юзасидан тадбиркорлик субъектлари томонидан мунтазам равишда кескин норозилик ва шикоятлар келиб тушаётганига муносабат билдирган эди.  

Унда қўмита «Онлайн-НКМ ёки виртуал кассага кафолатли узлуксиз техник хизмат кўрсатиш» (абонент тўлови)га нималар кириши ҳамда «бир марталик хизматлар учун тўлов» нима эканини аниқ белгилаш лозимлигини тавсия қилганди.

Top