Ўзбекистон | 11:56 / 01.04.2021
13537
10 дақиқада ўқилади

Ўғитлар, ер унумдорлиги ва илмсизлик муаммоси. Агрокимё мутахассислари билан суҳбат

Қишлоқ хўжалиги экинлари учун ўғитлар – Ўзбекистоннинг ўзида 700 млн долларлик йирик бозорга айланиб улгурди. Йилдан йилга ишлаб чиқарувчилар ва маҳсулот турлари кенгайиб бормоқда.

Фермерлар ва кластерлар олдидаги танлов имконияти ошиши албатта яхши, аммо тўғри ва сифатли маҳсулотни танлаш мутахассис бўлишни ёхуд малакали мутахассис маслаҳатини олишни тақозо этади. Акс ҳолда, натижа кутилганидек бўлмаслиги эҳтимолдан холи эмас.

Агрокимё соҳасида фаолият юрувчи Kimyo.uz корхонаси таъсисчиси ва раҳбари Мурод Мажидов ҳамда ушбу корхона бош технологи Асилбек Музаффаров Kun.uz'га берган интервьюсида соҳага доир долзарб масалалар ҳақида сўз юритди.

«Ўғитлардан нотўғри фойдаланиш – илмсизлик оқибати»

Мурод Мажидов:

— Бугунги кунда ўсимликларни кимёвий ўғитлар билан парваришлашга нисбатан салбий қарашлар пайдо бўлган. Масалан, бозорга бориб, тарвузни кессангиз, ўртаси оппоқ бўлиб чиқади, одамлар эса буни кўп селитра ишлатяпти деб қабул қилишади. Лекин бу ўғитлар ҳам ўсимликка керак, муаммо шундаки, ҳар доим ҳам ўғитлардан тўғри фойдаланилавермайди.

Ўғит миқдори кўпайтириб юборилиши ёки бошқа ҳолатларнинг сабаби – илмсизлик. Шунинг учун корхонамиз шиори: «Илмни ҳаётга татбиқ қиламиз».

Бугунги кундаги энг долзарб масала – илм ютуқларидан тўғри фойдаланиш. Илмга асосланмаган фаолият узоққа бормайди.

Бир дўстимиз айтиб қолди. Чет элдан Ўзбекистонга меҳмон келган экан. Қаерга қарасаки, дорихоналар жуда кўп. Шунда дўстимиз унга «Дорихона» сўзи бу бренд номи эмас, фармацевтика маҳсулотлари сотиладиган жой эканини тушунтирган. Ҳалиги одам дорихоналар бунчалик кўплигидан ҳайрон бўлган.

Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистонда дорихоналар – 650-700 млн долларлик жуда катта бозор. Лекин аҳолимиз шунчалик касалмандмики, шунча кўп дори ичади? Бунга ечим эса илмни тўғри татбиқ қилиш. Яъни биздан кейинги авлодларга соғлом ер, соғлом иқлим, соғлом муҳитни қолдиришимиз керак.

Шундагина фарзандларимиз фаровон ҳаёт кечиради, дорихонага югурмай, топган пулини ўқишга, илмга ишлатишига шароит бўлади.

Бу бизнесни бошлашда фойдани биринчи ўринга қўймаганмиз. Асосийси – қадриятимиз. Қишлоқ хўжалиги экинларини ўғитлашдаги муаммоларни кўриб, уларга ечим топамиз, дея жамоа тузганмиз. Олимларнинг илмий ютуқларини ўрганиб, уларни амалга татбиқ этиш мақсадида фаолият бошлаганмиз. Ундан келадиган даромад эса кейинги масала.

Kimyo.uz корхонаси дунё тажрибасини ўрганиб, уларни Ўзбекистон шароитига мослаган ҳолда ечимлар таклиф этиб келмоқда. Бошқалардан фарқимиз – қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илм ютуқларини четдан шунчаки олиб келиш эмас, балки уни Ўзбекистоннинг шароитига, табиатига, ресурсларига мослаб, тўғри татбиқ қилишни йўлга қўймоқдамиз.

Томчилатиб суғориш янгича услубдаги ўғитлашни ҳам талаб этади

Мурод Мажидов:

— Томчилатиб суғориш – сув ресурсларидан фойдаланиш технологияларидан бири. Ундан бошқа технологиялар ҳам бор. Ҳозирга келиб сув танқислиги муаммоси актуаллашиб боряпти. Бу йил ёзги суғориш мавсумида сув таъминоти меъёридан 25 фоизга кам бўлиши кутиляпти.

Ўзбекистон ўз иқтисодиётини меъёрида юрғизиши учун йилига 40 млрд куб метр сувга эҳтиёж бор. Шундан 10 млрд куб метр сув Ўзбекистон ҳудудида шаклланади, қолган 30 миллиарди қўшни республикалардан оқиб келади.

Шунинг учун ҳам қишлоқ хўжалигида сувни тежовчи технологияларни жорий қилишга эътибор қаратиляпти. Бу йил 423 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш жорий этилиши режа қилинган. Албатта, бу жараёнда ҳам ўзига яраша муаммолар бор.

Биринчиси, муҳандислик лойиҳаларини илмий асосда ишлаб чиқиш. Агар томчилатиб суғориш тўғри ташкил этилмаса, самарадорлик паст бўлади. Ҳозирда бу борада ўқитиш курслари ташкил этилиши кутиляпти.

Иккинчи катта масала – ўсимликни озиқлантириш, яъни ўғитлаш. Томчилатиб суғориш учун ишланган технология ёрдамида ўсимликни суюқ ўғитлаш фертигация дейилади. Бундай турдаги ўғитлар Ўзбекистонда илгари бўлмаган, ишлаб чиқарилмаган ҳам. Асосан қуруқ ва илдиз остига бериладиган ўғитлардан фойдаланиб келинган.

Бугунги кунда суюқ ўғитлашга эҳтиёж катта эканидан келиб чиқиб, биз дунё тажрибасини ўрганган ҳолда, томчилатиш тизимида ўсимликни озиқлантириш учун ўғитларни ишлаб чиқдик.

Ўғит ишлаб чиқарувчилар кўп, лекин...

Асилбек Музаффаров:

— Сув танқислиги юзага келаётгани учун суюқ, сувда эрийдиган, капельницалар тешигига тиқилиб қолмайдиган даражада тоза ўғитларга эҳтиёж ошяпти. Бу нима дегани? Мисол учун, бир тонна сувга бор-йўғи 2 литр суюқ ўғитни аралаштириб, экинларга берганингизда, ўсимлик бу ўғитларни қуруқ ўғитлардан кўра тезроқ ўзлаштиради.

Лекин деҳқонларда бу борада билимлар етишмаслиги, ҳатто бу технологияни ўрнатиб берганларнинг ҳам малакаси етарли бўлмаслиги ҳосил йўқотилишига олиб келяпти. Биз эса етук мутахассислар тажрибасида кўрдикки, жараён тўғри ташкил этилса, ўзимизда ишлаб чиқарилган ўғитлар билан ҳам самарага эришиш мумкин.

Сифатли ўғитлаш ҳосилдорликни ошириш билан бирга, маҳсулот сифатини ҳам кўтариб беради.

Ҳозирда ўғитлар билан шуғулланувчи фирмалар жуда кўп. Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган ўғит ишлаб чиқарувчиларнинг сони 2 мингдан ошади. Уларнинг фаолият йўналишлари турлича: айримлар фақат маълум турдаги ўғитларнигина ишлаб чиқаради, баъзилар маҳсулотни чет элдан импорт қилиб, бироз ўзгартириш киритган ҳолда бозорга чиқаради. Kimyo.uz эса ўғитлаш жараёнининг бошидан охиригача, комплекс ечимлар таклиф этади.

Бу ерда ўзига яраша нозик жиҳатлар бор. Суюқ ўғитлар – деҳқонлар, фермерлар учун янгилик, шунинг учун улар ҳар доим ҳам сифатли маҳсулотни танлай олишмайди.

«Ердан қарзимиз кўп» — тупроқ унумдорлигини ошириш зарурати ҳақида

Асилбек Музаффаров:

— Етиштирилаётган маҳсулот ўзи билан бирга ернинг «кучи»ни ҳам олиб қўйишини эътиборга олиш керак. Бу нарса илмий исботланганига бир неча ўн йил бўлган. Оддий пахтани олсак, ўтган йили гектаридан 40 центнер ҳосил олдик, бу 40 центнер ҳосил бир гектар ердан ўртача 200 кг азот, 75 кг фосфор, 220-250 кг калий ўғитини олиб чиқиб кетади.

Бу нима дегани? Деҳқон ердан олган ҳосилига мос равишда ердан ўғит қарз бўлиб қолди дегани. Энди, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтиб фаолият юритаётган 2 мингта ўғитчилик корхоналаридан нечтаси ана шу йўқотилган ресурсни қайтаришга ёрдам бераётганини ҳисоблаб кўрса бўлади.

Замонавий қишлоқ хўжалиги тизимида ер эгаси доим давлатга тупроқ намунасини анализ учун топшириб боради. Давлат эса текшириб, агар тупроқ унумдорлиги тушиб кетса, ер эгасига нисбатан тегишли чоралар кўриши, агар унумдорлик ошган бўлса, уни рағбатлантириши керак.

Масалан, Нидерландияда шундай. Тупроқ унумдорлиги ошган бўлса, демак, деҳқон ерга яхши қараган. Деҳқон ер унумдорлигини ошириш харажатларини ўз ҳисобидан амалга оширади, давлат эса бу харажатларнинг қанчадир қисмини қоплаб беради.

Шу чора ерни унумдор сақлаб қолиш, биздан кейинги авлодларга ҳам шу ҳолда қолдириш имконини беради. Лекин афсуски, Ўзбекистондаги ҳолат мақтанарли даражада эмас: биз йиллар давомида ердан ҳосил олиб келяпмиз, лекин ернинг ўзини озиқлантиришга етарли эътибор қаратмадик.

Бошқача айтганда, бир неча ўн йил давомида ердан «йиғилиб қолган қарзимизни» қайтаришимиз, тупроқни озуқа билан тўйинтиришимиз керак. Биз қилмасак, эртага фарзандларимиз икки-уч баробар кўпроқ қийналиб, шундай қилишга мажбур бўлади.

«Ўғит танлашда танлов имконияти кўп, алданиб қолиш ҳам ҳеч гап эмас»

Асилбек Музаффаров:

— Ўғитлар масаласида мисол келтирсам. Ўзим кўрдим, чет эл билан ҳамкорликда очилган қўшма корхона. Маҳсулоти рекламасини ўқиб кўрдим. На замонавий жаҳон стандартига, на эски стандартларга мос келмайди. Органик-минерал ўғит деб таърифланган, органикаси қаерда экан десам, чет элдан денгиз сувўтлари олиб келиниб, фосфор, калий қўшилиб, ўсимлик аминокислотасига асосланган ўғит тайёрланган экан. Маҳсулот этикеткасида эса «ҳайвондан олинган аминокислоталар» деб ёзиб қўйибди. Ҳатто таржимани ҳам шу даражада эътиборсизлик билан қилишган.

Бу – битта ҳолат. Бошқа бир мисол келтиришим ҳам мумкин. Биз экин экилишидан олдин тупроқ намунасини олишдан бошлаб, то ҳосил йиғиб олингунга қадар ўғитлаш масаласида фермерлар ёки кластерларнинг ёнида турамиз. Биз каби маҳсулот ва хизматларни таклиф этувчи бошқа чет эл компаниялари ҳам бор. Улар билан кўп гаплашамиз, тажриба алмашамиз. Ана шунда бир ҳолатга гувоҳ бўлдик, ўғитчилар деҳқонга: «Биз билан ишласангиз, ерга қилаётган харажатингиз учдан бирга қисқаради, ҳосилдорлик ошади...»

Бу таклиф менга жуда қизиқ кўринди, уларнинг ишини ўрганиш қизиқиши уйғонди. Лекин кейин билсам, ўғитга шундай нарсаларни қўшишарканки, натижада ердаги бор қувват сўриб олинади. Маълум вақтдан кейин бундай ўғит ишлатилган ер унумсиз ерга айланади, тупроқ ўлдирилади. Тўғри, фойдаланиш мумкиндир, лекин узоғи бир йил. Масалан, фермер молиявий томондан қийинчиликка учраб қолган бўлса.

Баъзи ўғитчилар бор, соҳани тушунадиган ва илмли бўлиб кўринади, лекин қилаётган иши ақлга тўғри келмайди. Шундай ҳолатларга учраб қолмаслик учун фермер ва кластерларга мустақил консультант ёллашни маслаҳат бераман.

Kimyo.uz илмий институтлар билан ҳамкорликда ишлайди. Умрини шу соҳага бағишлаган одамлар, чет эллик мутахассислар билан маслаҳатлашамиз. Бераётган ечимларимиз – осмондан олинмаган, илм орқали ишлаб чиқилган маҳсулотлар.

Бундан ташқари, ҳар бир ерга индивидуал ёндашамиз. Ернинг ҳолати, хусусиятлари, жойлашган зонаси кабилардан келиб чиққан ҳолда ўғит рецептураси танланади ва ишлаб чиқарилади. Бизнинг асосий устунлик жиҳатларимиз шулардан иборат.

Бобур Акмалов суҳбатлашди.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳаммаджон Ғаниев.

Мавзуга оид