18:26 / 05.04.2021
2607

Кегейлида эшакда мактабга қатнаётган ўқувчи-қизларга ҳоким 17 та велосипед берди

Икки кун олдин Кегейли туманидаги ўқувчи-қизлар 6 км узоқликдаги мактабга эшакда қатнашаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Бугун Кегейли тумани ҳокими Давлетбай Утемуратов «Жангабазар» овул фуқаролар йиғинидаги Эстек-кўпир қишлоғига борди. Ҳокимлик матбуот хизматининг хабар беришича, ҳоким қишлоқдаги 35-сонли мактабга олис ҳудуддан қатнаётган ўқувчиларнинг 17 нафарига велосипед берган.

Ҳокимлик матбуот хизматининг қўшимча қилишича, ушбу мактабга Бўзатов тумани «Еркиндаря» ОФЙ «Отар» овулидан жами 11 нафар ўқувчи 6 км узоқликдаги мактабга эшакда бориб келишади.

Маълумот учун, ўқувчи-қизлар Kun.uz мухбири билан суҳбатда улар мактабнинг 3-, 4-синфларида ўқишини, 4-синф ўқувчиси 1-синфга чиққанидан бери мактабга эшакда боришини айтганди.

Эслатиб ўтамиз, Чимбойдаги ўқувчилар 8 км узоқликдаги мактабга эшакда боришгани ҳақида ёзганди. Шундан кейин ўқувчиларга машина қўйиб берилганди. Жамоатчилик эса болаларга хайрия қилиб, 42 та велосипед олиб берди.

Top