Жаҳон | 20:14 / 05.04.2021
6246
1 дақиқада ўқилади

Нигериядаги турмадан минглаб маҳбуслар қочиб кетди

5 апрелда Нигериянинг Оверри шаҳридаги (Имо штати) марказий турмадан камида 2 минг маҳбус қочиб кетди. Бундан ташқари, штат полициясининг марказий бўлимидаги тергов изоляторидан у ерда ушлаб турилган 600 киши қочган.

Фото: GlobalLookPress

Нигериянинг The Nation нашри маълум қилишича, қуролланган жиноятчилар гуруҳи штатнинг ҳукумат уйи яқинидаги турмага тунги соат 1:00 атрофида ҳужум қилиб, у ердан камида 2 минг маҳбусни чиқариб юборган.  

Жиноятчилар турма деворини бузиш учун динамит қўллашган. Шундан кейин улар турма ичига бостириб киришган. Гувоҳлардан бирининг айтишича, қуролланган гуруҳ турманинг асосий кириш жойига армия автомобил рақамларига эга машиналарда келишган.

Ҳозирда турмага қўшимча қўшинлар юборилган. Қочоқларни қидириш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, турмага ҳужум билан бир вақтда Имо штати полициясининг марказий бўлими ҳам ҳужумга учраган. Бунинг оқибатида у ердан тергов изоляторида сақланган 600га яқин киши қочиб кетган. Жиноятчилар бинога ва яқин атрофда турган хизмат машиналарига ўт қўйган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид