Ўзбекистон | 09:42 / 09.04.2021
3409
2 дақиқада ўқилади

Консуллик харажатларини қоплаш тартиби ўзгартирилди

Ташқи ишлар вазирлиги ва Молия вазирлиги қўшма қарори билан янги таҳрирдаги консуллик ҳаракатларини бажариш билан боғлиқ ҳақиқий харажатлар ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундириш ва келиб тушган пул маблағларидан фойдаланиш ҳамда консуллик йиғимлари тарифини АҚШ доллари курсига нисбатан қайта ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ҳақиқий харажатлар ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғим миқдорини ҳисоблаш Ташқи ишлар вазирлигининг ҳар бир дипломатик ваколатхонаси ва консуллик муассасаси бўйича табақалаштирилган ҳолда амалга оширилади.

Йиғимлар қуйидаги миқдорлардан ошмаслиги лозим:

  • Ўзбекистон визасини расмийлаштириш учун – 45 АҚШ доллари;
  • Ўзбекистон фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахснинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжатини расмийлаштириш учун – 20 АҚШ доллари;
  • фуқаролик масалалари билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш учун – 30 АҚШ доллари;
  • фуқароларни рўйхатга олиш учун – 25 АҚШ доллари;
  • ҳужжатларни легаллаштириш ва нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун – 15 АҚШ доллари;
  • бошқа консуллик хизматлари учун – 20 АҚШ доллари.

Ҳақиқий йиғим миқдорлари Ўзбекистоннинг хорижий муассасаси раҳбари томонидан Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.

Ҳақиқий харажатлар АҚШ долларида, бошқа эркин алмаштириладиган валютада, Ўзбекистон халқаро шартномаларига мувофиқ ва ўзаро тенглик тамойилларига риоя қилиш асосида хорижий муассасалар жойлашган давлатлар миллий валютасида (миллий валюта эркин алмаштириладиган валюта бўлмаган жойларда) қопланади.

Консуллик ҳаракатлари амалга оширилгани учун келиб тушган ҳақиқий харажатлар ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимнинг 70 фоизи давлат бюджетига, 30 фоизи эса Ўзбекистоннинг Дипломатик хизмат органларини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади (илгари тегишинча 85 фоизи ва 15 фоизи ўтказилган).

Мавзуга оид