14:40 / 11.04.2021
20682

Ўзбекистон зайтун етиштиришни кўпайтирмоқчи. Ёғ-мой саноатида нарх арзонлаши учун бу тўғри ечимми?

Ҳукумат ташаббуси билан Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида 530 гектардан ортиқроқ майдонда зайтун плантацияси барпо этилиши режалаштирилмоқда. Ўзбекистон аҳолиси учун зайтун мойи тобора қимматлашиб бораётган кунгабоқар ва пахта мойлари ўрнини босиши мумкинми?

Фото: Getty Images

Яқин йилларда Ўзбекистон зайтун мойи ишлаб чиқарадиган мамлакатлар қаторига қўшилишни режалаштирмоқда. Хусусан, жорий йилнинг март ойи охирларида республиканинг жанубий вилоятларида 530 гектар, шу жумладан, Сурхондарё вилоятининг Олтинсой, Музработ ва Узун туманларининг ҳар бирида 100 гектардан, Термиз, Жарқўрғон, Сариосиё ва Бандихон туманларининг ҳар бирида 50 гектардан, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида 30 гектар майдонда зайтун плантацияси барпо этилиши бўйича маълумотлар эълон қилинди.

Ушбу лойиҳани амалга оширишга Ўзбекистонни нима ундамоқда? Мамлакатда ва минтақада машҳур бўлмаган зайтун мойи бозорида Ўзбекистон рақобатлаша оладими? East Fruit таҳлилчилари бу борада ўз фикрларини билдиришди.

Мамлакатда 10 даражагача бўлган совуққа чидамли Арбусано (Италия), Арбикино (Италия), Манзания ва Колорес (Испания) ҳамда Гемлик (Туркия) навли 465 минг туп зайтун кўчати ўтқазилиши кўзда тутилмоқда.

«Ўзёғмойсаноат»нинг маълум қилишича, республика аҳолисининг ўсимлик мойига бўлган талаби маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан 55 фоизга таъминланмоқда, ички бозор эҳтиёжининг 45 фоизи импорт ҳисобига қопланмоқда. Бу қарор қабул қилиниши мамлакатда ёғ-мой маҳсулотларини арзонлаштириш зарурати билан изоҳланган.

Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистон аҳолисининг ўсимлик мойига бўлган йиллик талаби 475 минг тоннани ташкил этади. Ёғ-мой корхоналари эса йилига 259 минг тонна ўсимлик мойи ишлаб чиқармоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон аҳолиси орасида кунгабоқар ва пахта мойлари машҳур ҳисобланади. Бундан ташқари, зайтун мойининг нархи кунгабоқар ва пахта мойи билан солиштирганда анча юқори ва уни ишлаб чиқариш анча қимматга тушади.

Ўзбекистонда зайтун дарахтини етиштириш тарихи 2002 йилдан бошланган, унга қадар Марказий Осиёда ҳеч қачон зайтун ўстирилмаган. 2002 йил февралида Туркиядан 4 туп зайтун дарахти кўчати олиб келинган. Улар субтропик минтақа бўлган Сурхондарё вилоятига экилган. Ўзбекистонда зайтун етиштириш бўйича биринчи тажрибалар мана шундай бошланган.

Бироқ 2007-2008 йилги совуқ қиш бу тажрибаларни тўхтатади, чунки 2008 йил январида тунда ҳарорат тез-тез 10 даражагача пасайиб кетиши натижасида барча зайтун дарахтлари нобуд бўлган.

Ўзбекистон делегацияси 2020 йил июль ойида видеоконференция шаклида бўлиб ўтган Халқаро зайтун кенгашининг 111-сессиясида (кузатувчи мақомида) иштирок этди. Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев ўз нутқи давомида Ўзбекистондаги зайтун саноатини ривожлантиришга қизиқиш ортиб бораётганини айтиб ўтган.

Сурхондарё вилоятида тажриба сифатида зайтун дарахтлари экилгани ва зайтуннинг қурғоқчиликка чидамлилиги Ўзбекистон жанубида етиштиришнинг муҳим омилларидан бири сифатида қайд этилган.

«Ўзёғмойсаноат»нинг маълум қилишича, шу кунгача айрим деҳқонлар синов тариқасида озгина ерга зайтун экишган. Бу йил илк бор ҳукумат ташаббуси билан 530 гектардан ортиқроқ майдонга зайтун экилмоқда.

Ўзбекистоннинг жанубий субтропик минтақалари иқлими зайтун етиштириш учун қулай ҳисобланади, яъни бу ерда об-ҳаво билан ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги мумкин. Аммо бу ерда энг муҳими, мамлакатда зайтун мойи ва зайтун истеъмолини ривожлантириш зарурлигини кўриб чиқиш керак. Зайтун мойи истеъмолчи учун арзон муқобилга айланмайди, аксинча у қиммат маҳсулот бўлиб, мамлакат аҳолисининг асосий қисмида даромад даражаси пастлиги сабабли зайтун бизнеси ривожланиши жиддий тўсиқларга учраши мумкин.

Бундан ташқари, Ўзбекистон зайтун мойи экспортига умид қилмаслиги керак, чунки жаҳон бозорида юқори даражадаги рақобат мавжуд. Бу ерда сифат биринчи ўринга чиқади ва тажрибасиз ўзбек ишлаб чиқарувчилари бу рақобат майдонида ўз ўрнини топишда қийинчиликларга дуч келиши табиий ҳолатдир.

Шунингдек, географик жиҳатдан Ўзбекистонга яқин бўлган мамлакатларнинг ҳеч қайсисида зайтун мойи асосий истеъмол маҳсулоти ҳисобланмайди.

Аввалроқ, Kun.uz Ўзбекистонда ўсимлик мойи нархи ошиб бораётганига оид таҳлилий мақола эълон қилганди. Унда сўнгги ойларда дунё бўйича ўсимлик мойи нархи ўртача 20—25 фоизга, Ўзбекистонда эса 17 фоизга ошгани, шунингдек, нарх ошиши кунгабоқар мойи нархи кўтарилиши фонида сезилгани таъкидланган эди. Шунингдек, мутахассислар нарх яна 30 фоизга ошиши мумкинлигини тахмин қилаётгани маълум қилинганди.

Маълумот учун, зайтун мойи фойдаси энг кўп бўлган маҳсулотлардан бири сифатида қадимдан машҳур. Ундан тиббиёт, диетология ва косметология соҳасида фаол фойдаланилади. Зайтун мойи организм томонидан осон сўрилади, иштаҳани пасайтиради, модда алмашинувини тезлаштиради ва ошқозонга фойдали таъсир қилади. Зайтун мойини мунтазам равишда истеъмол қилиш — юрак-қон томир касалликлари олдини олишнинг яхши усули: у томирларни мустаҳкамлайди ва уларни янада эластик қилади.

Олимлар зайтун дарахтининг ватани Миср эканини айтишади. Финикиялик савдогарлар ёрдамида у Юнонистон (ҳозирги Греция), Испания ва Италияга етиб келиб, машҳурликка эришади. Ҳозирги кунда Испания зайтун етиштириш бўйича энг йирик мамлакат ҳисобланади. Бу ерда йилига 10 миллион тонна зайтун ишлаб чиқарилади. Италия, Туркия, Греция ва Марокашда йилига 1 миллион тоннадан зиёд зайтун етиштирилади. 1 миллион тонна ишлаб чиқаришни мақсад қилган ва фаол ўсиб бораётган бошқа ишлаб чиқарувчилар гуруҳига Миср, Жазоир, Португалия ва Тунис давлатларини киритиш мумкин. Ўзбекистонга яқин энг йирик зайтун етиштирувчи давлат Эрон ҳисобланиб, у ерда йилига 100 минг тоннага яқин зайтун етиштирилади.

Top