10:25 / 12.04.2021
7219

Самарқандда яна иккита масжид янги бинога эга бўлди, яна бири мукаммал таъмирланди

Самарқанд вилоятида яна иккита масжид янги бинога эга бўлди. Яна бир масжид мукаммал таъмирдан чиқарилган. Уларнинг очилиш маросимида муфтий Усмонхон Алимов ҳам қатнашган.

Жорий йил 10-11 апрел кунлари Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида «Хўжа Зиёвуддин», Иштихон туманида «Эшон Темирхон тўра» ва Қўшработ туманида «Домла Камолиддин Охун» жоме масжидлари янги биносининг очилиш маросимлари бўлиб ўтган. Унда Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ва бошқа мутасаддилар иштирок этган.

Маълум қилинишича, Пахтачи туманидаги «Хўжа Зиёвуддин» масжиди янги биносининг қурилиши 2019 йилда бошланган. Унинг ўлчами 440 м² бўлиб, масжидга 1300 нафар намозхон сиғади. Шу билан бирга, масжидда 30 ўринли замонавий таҳоратхона, хотин-қизлар учун алоҳида таҳорат ва намозхона ҳамда қўшимча хизмат хоналари қурилган.

«Хўжа Зиёвуддин» жоме масжиди

«Домла Камолиддин Охун» жоме масжиди ўтган асрнинг 90-йилларида ҳашар йўли билан қурилган бўлиб, 2020-2021 йиллар давомида замонавий лойиҳа асосида ҳашар йўли билан қайта қурилган. Масжиднинг умумий ер майдони бир гектардан ошиқ. Масжид янги биносининг қурилиши 2020 йил 14 июнда бошланиб, 2021 йил 20 март ойида якунланди. Хонақоҳ ва айвони ҳудуди 21×18 ни ташкил этади. Масжид гумбазининг баландлиги 17 метр, айланаси 7,5 метр. 15 кишилик эркаклар таҳоратхона (аёллар учун ҳам алоҳида) да барча шароитлар яратилган. Автотураргоҳ ҳам бор. Масжид тумандаги Шова, Навкар, Қовунчи маҳаллалари аҳлига хизмат қилади. Хонақоҳнинг ўзига 450, ҳовлисига мингга яқин намозхон сиғади. Масжид Қўшработ туманидаги энг катта масжид ҳисобланади.

«Домла Камолиддин охун» жоме масжиди

Иштихон туманидаги «Эшони Темирхон тўра» жоме масжиди 1993 йилда ҳашар йўли билан қурилган. Унинг янги биноси 2019-2021 йиллар давомида замонавий лойиҳа асосида таъмирланган. Масжид ҳовлисининг умумий майдони 5 гектар, янги бинога 1000 нафар намозхон сиғади.

«Эшон Темирхон тўра» жоме масжиди

Масжидда, шунингдек, маъмурият (имом-хатиб, ноиблар) хоналари, ошхона, қоровулхона ва меҳмонхона каби қўшимча бинолар мавжуд. 30 кишига мўлжалланган эркаклар таҳоратхонаси ва аёлларнинг алоҳида таҳоратхонасида барча зарур шароитлар қилинган. Масжид Соҳибкор, Орлот, Қайирма, Ўзбек қўрғон, Боғихон маҳаллаларида яшовчи мўмин-мусулмонларга хизмат қилади. Кундалик беш вақт намозда 100 дан зиёд, жума ва ҳайит намозларида 1000 дан ортиқ киши қатнашади.

Маълумот учун, март ойида Самарқанд вилоятида иккита янги масжиднинг очилиш маросими бўлди. 13 март куни «Ургут» марказий жоме масжиди, 30 март куни эса Нуробод туманида «Жом ота» жоме масжиди очилди. Шу тариқа, вилоятдаги масжидлар сони 288 тага етди. 9 апрел куни Сурхондарё вилоятида янги қурилган «Эшонқулжон бобо» жоме масжидининг очилиши билан, Ўзбекистонда масжидлар сони 2088 тага етган.

Top