Жамият | 08:41 / 13.04.2021
6500
2 дақиқада ўқилади

Амударёдаги зиёратгоҳда хоразмлик йигит тоғдан қулаб тушди

Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистондаги «Шайх Жалил бобо» зиёратгоҳида бир фуқаро тепаликдан пастга йиқилгани акс этган видеолар тарқалди.

Қорақалпоғистонлик журналист Ғайрат Отажоновнинг хабар беришича, тоғдан йиқилиб тушган йигит Хоразм вилоятидан Амударё туманидаги зиёратгоҳга келган.

Қайд этилишиша, мазкур воқеа 2021 йилнинг 11 апрель куни содир бўлган. Тез тиббий ёрдам диспетчери Ғуломжон Боботаевнинг айтишича, тиббий ёрдам бригадаси 13:45 да воқеа жойига етиб борган. Тоғдан йиқилиб тушган В.И. 2002 йил туғилган бўлиб, унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.

Йигит Хоразм вилоятидан ташриф буюрган зиёратчи бўлган ҳамда тиббий кўрик пайтида шифокор билан гаплашган. Шифохонага бормаслигини, ҳамроҳлари билан биргаликда кетишини ва ўзларининг ҳудудий шифохонасига бориб кўринишини айтган.

«Шайх Жалил бобо» зиёратгоҳи масъул ходими Махсутбой Якубов ушбу ҳолат ҳақида улар Қуръон тиловат қиладиган ҳудуддан сал олисроқда содир бўлганлиги туфайли кейинроқ хабар топган.

Гувоҳларнинг айтишича, воқеа юз берган ҳудудда бир неча ёш йигит тош устига чиқиб, ундан сакраган ҳолатларини қўл телефонларига суратга олаётган бўлган. Йиқилган йигит ҳам ана шундай ҳаракатлари ва эҳтиётсизлиги оқибатида йиқилган бўлиши ҳам мумкин.

Ҳозирча Хоразм вилояти тиббиёт ходимлари томонидан йигитнинг соғлиги борасида қўшимча маълумот берилмади.

Мавзуга оид