Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сувайш канали бошқармаси Ever Given кемасини расман хатлади
Сувайш каналидаги ҳаракатни бир ҳафтага тўхтатиб қўйган Ever Given контейнеровози расман хатланди. Бунга эса кемани ёллаган компания каналда юз берган ҳодисадан кўрилган зарар учун товон пули тўлашда ҳаяллаётгани сабаб ҳисобланади. Бу ҳақда канал бошқармаси бошлиғи Усома Роби маълум қилди.
Роби каналдаги саёзликдан чиқариб олинган ва Катта Аччиқ кўлга етказилган кема тергов тадбирлари якунланмагунча, кўрилган зарар учун товон пули белгиланиб, у бўйича кема эгаси ҳамда уни ёллаган компания билан келишувга келинмагунча ўз йўлини давом эттира олмаслигини бир неча маротаба таъкидлаб ўтган. Бошқарма кўрилган умумий зарарни 1 млрд долларга баҳоланган.
“Ever Given кемаси уни ёллаган компания товон пулини тўлашда ҳаяллаётгани сабабли расман хатланди. Пайшанба куни (15 апрел) кема билан юз берган ҳодиса бўйича махсус комиссиянинг тергови натижалари эълон қилинади. Кемани хатлаш қарори масалани ҳал қилиш бўйича музокаралар якунланганини англатмайди”, деб маълум қилган Роби.
Унинг таъкидлашича, кемани ёллаган компания кўрилган зарар қиймати, жумладан, канал орқали ҳаракатланишнинг 6 кунга тўлиқ тўхтаб қолишидан кўрилган зарар, каналга етказилган моддий зарар ҳамда кемани саёзликдан чиқариш бўйича сарф-харажатларнинг 90 фоизини тўлашни ўз зиммасига олган. Ушбу қиймат умумий ҳисобда 900 млн долларга яқинни ташкил қилади.
Маълумотларга кўра, кемани ёллаган компания зарарни қоплашни чўзаётгани сабабли канал бошқармаси Исмоилия шаҳрининг иқтисодий ва хўжалик масалалари бўйича судига мурожаат қилган. Суд 900 млн доллар товон пули тўланмагунча, кемани хатлаш бўйича қарор қабул қилган. Шунингдек, кемани ёллаган компанияга Сувайш канали бошқармаси зарарига кемани бошқариш тақиқланган.
Канал бошқармасидаги манбанинг хабар қилишича, кема экипажи суд қароридан хабардор қилинган ва уни 13 апрелдан ижро этиши керак бўлади.
Манбанинг қўшимча қилишича, ҳозирда гап канал бошқармаси каналнинг тўсилиши ва унинг оқибатларидан кўрган зарар, қутқарув операцияси ва кемани таъмирлашга кетган харажатлар ҳақида бормоқда. “Канал тўсилиши оқибатида юкларнинг етказилишидаги кечикиш учун кемалар эгалари ва кемачилик компанияларига тўланадиган товон пули алоҳида кўриб чиқилади. Улар бу масалада кемани ёллаган компания ва унинг эгаси билан ўзлари келишадилар. Шубҳасиз, жараёнга суғурта компаниялари ҳам жалб қилинади, бироқ бу ҳуқуқшунослар жалб қилинишини талаб қилувчи мураккаб ҳуқуқий жараён ҳисобланади”, деб таъкидлаб ўтган манба.
Эслатиб ўтамиз, 23 март куни узунлиги 400 метрга тенг Ever Given кемаси Сувайшда саёзликка ўтириб қолиб, канал орқали ҳаракатни тўхтатиб қўйганди. Уни 29 март куни саёзликдан чиқаришга муваффақ бўлинган. Шундан кейин каналда ҳаракат тикланган.
Мавзуга оид
21:40 / 08.01.2025
Миср Сувайш каналининг янги тармоғини синовдан муваффақиятли ўтказди
11:36 / 26.01.2024
БМТ: Сувайш канали орқали савдо қилиш ҳажми 42 фоизга камайди
22:49 / 13.12.2023
Исроил Бен Гурион канали лойиҳасига қайтиши мумкинми?
13:45 / 08.04.2023