Ўзбекистон | 11:42 / 14.04.2021
2031
2 дақиқада ўқилади

Kun.uz’да эълон қилинган мурожаатдан сўнг маҳаллага шағал ётқизилди

Фото: Ўзбекистон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Ўзбекистон туманидаги "Кичик Тагоб" МФЙ аҳолисининг таҳририятимизга йўллаган мурожаати каналимизда эълон қилингач туман ҳокими ҳолатни ўз назоратига олди. Маҳаллага шағал ётқизиш ишлари бошланган. 

Жорий йилнинг 12 апрель куни Фарғона|Kun.uz телеграм каналида Ўзбекистон тумани, “Кичик тагоб” МФЙ, Ибрат кўчасидаги аҳолининг мурожаати (https://t.me/kunuzFargona/3444) эълон қилинган эди.

Ўзбекистон тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, мазкур мурожаат эълон қилинган куниёқ Ўзбекистон тумани ҳокими Шерзоджон Юлдошев топшириғига асосан туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Шерзоджон Исмоилов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ маҳаллага бориб, мавжуд ҳолатни батафсил ўрганган ва мурожаат ижросини ижобий ҳал этиш чоралари белгиланган.

Маълум бўлишича, Ибрат кўчаси ҳақиқатан ҳам, "Кичик Тагоб" МФЙда жойлашган бўлиб, маҳалла “Обод қишлоқ” дастурига киритилмаган. 

Маҳаллада "Кичик Тагоб" ва "Катта Тагоб" МФЙлари ҳудуди аҳолисини тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш борасида Дастур асосида 3,2 млрд сўмлик объектни қуриш ишлари олиб борилган. Белгиланган лойиҳага кўра, 5 километрлик ичимлик суви тармоғини қуриш ишлари, аҳоли мурожаатлари ва илтимосига кўра яна 1 километрга узайтирилган. Бу борада давлат томонидан белгиланган ишларни амалга ошириш давомида ҳар икки қишлоқ аҳли ўз ташаббуслари ва ихтиёрлари билан ички кўчалари ва ўз хонадонларига ичимлик суви қувурини олиб кириб кетиш учун қўшимча яна 7 километр тармоқ ётқизиш ишлари бажарилган. 

Ҳозирда мурожаатга асосан, туман ҳокимлиги томонидан чора-тадбирлар натижасида салкам 1 км. масофадаги Ибрат кўчасига бугуннинг ўзида шағал тўкиш ва ётқизиш ишлари бошланганлиги маълум қилинган.