14:08 / 14.04.2021
2881

Самарқандда фуқарони TikTok’да шарманда қилиш билан қўрқитиб товламачилик қилганлар ушланди

Самарқанд шаҳрида икки нафар шахс бошқа бир фуқарога тайзиқ ўтказиб, ҳолатни видеотасвирга олган. Сўнг видеони TikTok’да тарқатмаслик учун жабрланувчидан 5 миллион сўм сўрашган. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 8 апрель куни 25 ёшли М. Мақсуд Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБга ариза билан мурожаат қилган. Мурожаатда 5 апрель куни 26 ёшли У. Муҳиддин уни алдов йўли билан Самарқанд тумани Бўзи маҳалласи ҳудудидаги қаровсиз жойга олиб бориб, у ерда ўзига тазйиқ ўтказганини маълум қилган.

Бундан ташқари, У.Муҳиддин нархи 2,2 миллион сўмлик Samsung S-20A, 1,5 миллион сўмлик Samsung телефон аппаратларини ҳамда 200 АҚШ доллари ва 112 минг сўм пулни талончилик билан олган. Ушбу ҳолатни 25 ёшли Б. Шерзод видеотасвирга олиб, уни TikTok’да тарқатиб, шарманда қилиш билан қўрқитган.

Сўнг икки дона телефон аппаратини қайтариб олиши учун 5 миллион сўм пул беришини талаб қилишган.

8 апрель куни Самарқанд шаҳри Кафтархона маҳалласи ҳудудида У. Муҳиддин ва Б. Шерзод М. Мақсуддан товламачилик йўли билан 400 АҚШ долларини олаётган вақтда ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходимлари томонидан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан У.Муҳиддин ва Б.Шерзодга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «в» банди (Товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Қайд этилишича, тергов ҳаракатлари жараёнида аниқланишича, жабрланувчи М.Мақсуд У.Муҳиддин официант бўлиб ишлаган ресторанда овқатланиб, 1 миллион сўмни тўламасдан кетиб қолган. Шу сабабли ишдан бўшатилган У.Муҳиддин қасд олиш мақсадида ушбу жиноятни содир этгани аниқланган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.

Top