16:05 / 15.04.2021
7447

ОАВ АҚШнинг Россияга қарши янги санкциялари ҳақида маълумот берди

Америкадаги сайловларга аралашишга алоқадор 30дан ортиқ жисмоний ва юридик шахслар чекловлар остига тушиши мумкин.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Россияга қарши янги санкцияларини эълон қилади. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб The New York Times ва The Wall Street Journal хабар бермоқда.

WSJ маълумотига кўра, АҚШ ҳукумати америкаликларнинг Россия давлат қарзи билан операциялар ўтказишига нисбатан чекловларни кенгайтирмоқчи: 14 июндан сўнг молия муассасалари Россия марказий банки, молия вазирлиги ва миллий фаровонлик фонди давлат облигацияларини харид қила олмайди. 

 Бундан ташқари, Америкадаги сайловларга аралашишга алоқадор 30дан ортиқ жисмоний ва юридик шахслар чекловлар остига тушиши мумкин.

Нашр суҳбатдошларидан бирининг сўзларига кўра, АҚШ Буюк Британия, Австралия, Канада ва ЕИ билан биргаликда «Қрим оккупациясига алоқадор» саккиз жисмоний ва юридик шахсга нисбатан санкциялар киритади.

АҚШ ҳукумати шунингдек, «чекланган миқдордаги» россиялик дипломатларни чиқариб юборади, деб ёзади NYT. WSJ нашрининг маълумот беришича, Россия АҚШнинг Афғонистондаги аскарларининг ўлдирилиши учун мукофот таклиф қилгани боис мамлакатдан 10 нафар дипломат чиқариб юборилади.

Газеталарнинг ёзишича, санкциялар АҚШ муассасаларига қилинган киберҳужумлар ва «Россиянинг кўп йиллардан буён АҚШдаги сайловларга аралашуви» сабабли ҳам жорий этилади.

Top