14:44 / 15.04.2021
6170

«Ўзбекларнинг янги авлоди она тилини билмайдиганлардан иборат бўлишига йўл қўйиб бўлмайди» — Алишер Қодиров

Фото: marifat.uz

Янги таҳрирда кўрилаётган “Давлат тили ҳақида”ги қонун лойиҳасининг 18-моддасида “Ўзбекистонда яшовчи шахслар тарбия ва таълим олиш тилини танлаш ҳуқуқига эгадирлар” деб белгиланмоқда. Бу ҳақда “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров хабар берди.

Алишер Қодиров Россия президенти Владимир Путиннинг гапидан иқтибос келтириб, у рус миллий манфаатлари нуқтайи назаридан тўғри фикр эканини маълум қилди.

“Россияда муҳожирларнинг фарзандлари амалда рус тили ва маданияти муҳитига, имкони борича рус миллий қадриятларига тўлиқ сингиб кетишига эришиш керак” В.Путин.

Бу рус миллий манфаатлари нуқтайи назаридан ҳурмат қилиниши керак бўлган, тўғри фикр. Қаерда яшасанг ўша ерга мослашасан. Юмшоқроқ бўлсанг сингиб ҳам кетасан, албатта.

Биз эса юз йилдан бери рус ватандошларимизга ўзбек тилини ўргата олмаймиз. Аксинча, ўзбеклар фарзандини рус тилида таълим олишга йўналтираётгани одатийлашиб бормоқда. Тошкент шаҳрида ўзбек тилида ўқитилмайдиган мактаблар сони кўпайиб кетди. Ачинарлиси, бундай мактабларнинг 90 фоиздан кўп ўқувчилари ўзбеклардир.

Бу қонунчиликдаги хато билан боғлиқ масала”, дейди Алишер Қодиров.

Таъкидланишича, янги таҳрирда кўрилаётган “Давлат тили ҳақида”ги қонун лойиҳасининг 18-моддасида “Ўзбекистонда яшовчи шахслар тарбия ва таълим олиш тилини танлаш ҳуқуқига эгадирлар” деб белгиланмоқда.

“Бу ҳуқуқ амалдаги қонунда ҳам бор бўлиб, фақат таълим тилига тегишли эди, энди тарбия ҳам қўшилмоқда. Бу норма моҳиятан бошқа миллат вакили бўлган ватандошларимизнинг она тилида тарбия кўриш ва таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган эди. Буни қарангки, ўзбек оилалари “фарзандим рус тилини яхши билсин” деган ният билан боғчадан ёки 1-синфдан бошлаб фарзанди учун тамоман бегона бўлган тилни танлашмоқда.

Фожиа фақат бунда эмас. Эътибор беринг, болалар 5-6 синфгача бутун диққатини рус тилини англаш учун (!) сарфлайди. Табиий равишда бошқа муҳим фанларни рус тилида тушунмагани учун ўзлаштира олмайди. Бу вақтга келиб иккинчи шок бошланади: юқори синфларда аниқ фанларни рус тилида ўқитадиган педагоглар йўқ ҳисоби. Энди бола математика ва физикани ўзбек тилида ўқишга мажбур бўлади, лекин ўзбек тилини тушунмайди.

Бола шу иккита шок билан, рус тилини “судраб”, миллий қадрият, ватан, маънавият деган сўзларга нафрат билан мактабни битиради.

Марҳамат, ўзбек ёшларидан иборат ишчилар гуруҳи. Бу ҳолатда уларнинг жуда кўпи учун ягона йўл Россияда қора меҳнат бўлиб қолади”, деб ёзмоқда Алишер Қодиров.

Унинг айтишича, шу сабабли "Миллий тикланиш" партиясининг фракцияси ушбу нормани "Ўзбекистонда яшовчи шахсларга ўз она тилида тарбия ва таълим олиш учун шароит яратилади" шаклида ўзгартиришни ташаббус қилмоқда.

Эслатилишича, Конституцияда Ўзбекистондаги барча миллатларнинг тилларини ривожлантириш учун шароит яратишга ваъда берилган.

“Бу ваъда ошиғи билан бажарилмоқда, бажарилиши ҳам керак. Лекин, бағрикенглигимиз оқибатида ўзбекларнинг янги авлоди ўзлигини англамайдиган, она тилини билмайдиганлардан иборат бўлишига йўл қўйиб бўлмайди.

Ўзбекнинг боласи ўзбек қадриятлари билан тарбия кўрсин, саводини ўзбек тилида чиқарсин, 7-синфдан бошлаб истаган хорижий тилни ўргансин, бу миллат ривожи учун зарур.

Бошқа миллат вакиллари бўлган ватандошлар ҳам она тилларида тарбия кўрсинлар, савод чиқарсинлар, лекин хорижий тиллар билан бир қаторда, ватан тили сифатида ўзбек тилини ҳам ўрганишлари керак.

“Ўзлигига бегона инсондан бахтсизроқ яна ким бўлиши мумкин?” - Ф.Достоевский”, дея ўз фикрини якунлаган “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгаши раиси.

Бундан олдин, Россия президенти Владимир Путин ушбу давлат мактабларида мигрантларнинг фарзандлари сони кўпайиб кетмаслиги кераклигини айтганди.

Top