Ўзбекистон | 08:46 / 16.04.2021
1663
3 дақиқада ўқилади

Миллий инновацион офис ташкил этилади

Президент томонидан «Илм-фан соҳасидаги давлат сиёсати ва инновацион ривожлантиришдаги давлат бошқарувини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор имзоланди.

Президентнинг 2021 йил 1 апрелдаги «Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ қуйидагилар тасдиқланди:

  • илм-фан соҳасидаги давлат сиёсати ва инновацион ривожлантиришдаги давлат бошқарувини янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар дастури;
  • Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкилий тузилмаси ва марказий аппарати тузилмаси;
  • Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар инновацион ривожланиш бошқармалари намунавий тузилмаси;
  • Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижро этувчи дирекцияси ва кузатув кенгаши тузилмаси;
  • Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низом.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази негизида, унинг белгиланган умумий чекланган штат бирликлари ва иш ҳақи жамғармаси доирасида ҳамда амалдаги молиялаштириш тартибини сақлаб қолган ҳолда, давлат муассасаси шаклидаги Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери миллий офиси ташкил этилади.

Миллий офиснинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • иқтисодиёт реал сектори ва ижтимоий соҳа эҳтиёжларидан келиб чиқиб илмий фаолият натижалари, инновацион маҳсулотлар ва хизматлар, шу жумладан янги қурилмалар, материаллар ҳамда технологиялар яратиш, жорий этиш, кўпайтириш ва уларни тижоратлаштириш;
  • тижоратлаштириш имкониятига эга ишланмаларни танлаш, баҳолаш ва жорий этишда фаол қатнашиш, уларни тижоратлаштириш учун инвестициялар жалб қилиш, ушбу йўналишда форумлар, халқаро ярмарка ва кўргазмалар ўтказиш;
  • илмий, лойиҳа-конструкторлик ва технологик ташкилотларнинг ишлаб чиқариш ташкилотлари билан илмий ва инновацион соҳада изчил ҳамкорлигини ривожлантириш;
  • илмий фаолият субъектларига интеллектуал мулк объектлари ва ноу-хаулардан фойдаланиш бўйича консалтинг хизматлари кўрсатиш, илмий-тадқиқот лойиҳаларини шакллантириш, молиявий-иқтисодий ҳисоб-китобларни амалга ошириш ҳамда маркетинг усулларини қўллаш бўйича ўқув ва тренинг курсларини ташкил қилиш;
  • хорижда ишлаб чиқилган технологиялар трансферини амалга оширишга ва маҳаллийлаштиришга кўмаклашиш.

Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 1.04.2021 йилдан кучга кирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид