10:30 / 17.04.2021
4020

Самарқанд давлат тиббиёт институтида “Карьера куни” ўтказилди. Бу нима учун керак?

Самарқанд давлат тиббиёт институтида ўтказилган “Карьера куни”га институт кадрларига эҳтиёжи бўлган иш берувчи корхона ва ташкилотлар, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари, бир қатор ҳудудий марказий шифохоналар ҳамда хусусий клиникалар жалб қилинди. Бакалавр ҳамда магистратура босқичи битирувчилари билан тўғридан тўғри алоқалар ўрнатишга кўмаклашиш мақсадида меҳнат ярмаркаси ташкил қилинди.

Тадбирда Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Навоий вилоятларида даволаш-профилактика муассасалари ҳамда туман, шаҳар тиббиёт бирлашмаларидаги бўш иш ўринлари таҳлил қилинди. Таҳлил натижасига кўра, Самарқандда 298 нафар умумий амалиёт шифокори ва 437 нафар тор соҳа мутахассиси, Қашқадарё вилоятида 267 нафар умумий амалиёт шифокори (чекка ҳудудларда 11 нафар), Сурхондарё вилоятида чекка ҳудудлар учун 43 нафар, Навоий вилоятида 147 нафар умумий амалиёт шифокори (24 нафар чекка ҳудудларда) етишмаслиги маълум қилинди.

СамДТИ битирувчилари меҳнат ярмаркасига жалб қилиниб, “Карьера куни”га таклиф этилган вилоятларнинг даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари ҳамда туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари иштирокида ўтказилган семинарларда иштирок этишди.

Маълумот учун, Самарқанд давлат тиббиёт институтини жорий ўқув йилида 675 нафар бакалавр, 121 нафар магистр ҳамда 213 нафар клиник ординатура йўналиши бўйича мутахассислар ўқишни битиряпти.

Шунингдек, Самарқанд давлат тиббиёт институтини битираётган кадрларга эҳтиёжи мавжуд корхона ва ташкилотлар раҳбарлари талабнома ва сўров хати билан 2021 йилнинг 15 май санасига қадар институт ректоратига мурожаат қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.

Талабномада буюртмачининг реквизитлари (почта манзили, телефон рақами) ҳамда таклиф этилаётган лавозим тўғрисидаги маълумотлари тўлиқ кўрсатилиши керак бўлади.

Самарқанд давлат тиббиёт институти матбуот хизмати

Top