11:23 / 18.04.2021
14503

«Бизда тажриба бўлмаган» — вазир Шаҳрисабздаги қурилишлардан олдинги вазият ва ЮНЕСКО рўйхатида қолиш учун қилинаётган ишлар ҳақида гапирди

Фото: Wikipedia

Бир неча йилки Шаҳрисабз шаҳри ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатида қолиши масаласи савол остида турибди. Яқиндагина ЮНЕСКО вакиллари шаҳарда бўлиб, тарихий ёдгорликлар ҳолатини ўрганиб кетишди.

2019 йил Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида ўтказилган ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 43-сессиясида ҳам мазкур масала танқидий кўриб чиқилиб, Шаҳрисабз «йўқ бўлиш хавфи остида қолган объектлар» рўйхатида қолдирилган эди.

Бу муаммонинг юзага келиши 2016 йилда мазкур тарихий шаҳарда ЮНЕСКО билан ўзаро келишилмай кенг миқёсда қурилиш ишлари олиб борилгани билан боғлиқ.

2019 йилда ЮНЕСКО томонидан Шаҳрисабз тарихий мажмуасини сақлаб қолиш учун бир қатор тавсиялар ва икки йил муддат берилган. Яқинда ана шу муддат ўз ниҳоясига етади ва шаҳарнинг ЮНЕСКО Бутунжаҳон маданий мероси таркибида қолиш-қолмаслиги ҳал бўлади.

Хўш, шаҳар қандай қилиб нуфузли ташкилот рўйхатидан чиқиш даражасига келиб қолди? Энди Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатида қолиш учун қандай аниқ ишлар қилиняпти? Kun.uz мухбири айни вақтда Самарқандда бўлиб турган Қурилиш вазири Ботир Зокировга шу саволлар билан мурожаат этди.

«Шаҳрисабздаги қурилишларда ўзим ҳам қатнашганман. Битта катта муаммоларнинг бири шу. У ерда бўлган асосий муаммо – лойиҳалар ўз вақтида ЮНЕСКО билан келишилмагани. Лойиҳага таклиф ишланади, кейин уни ЮНЕСКО тизимидаги ташкилотлар экспертиза қилади. Шундан сўнг лойиҳаларни қайтадан ишлашга ёрдам беради... Бу ишларга икки йил вақт кетади.

Мисол учун, биз ҳозир Хива шаҳрида ишлаяпмиз, тақдимот ҳам қилишимиз мумкин. Унда таклиф ишланади, археологик экспертиза олинади, жуда кўп тартиблари бор. Буларнинг бари амалга оширилгач, ЮНЕСКО рухсатидан кейин иш бошланади. Шу сабабдан Хивада икки йилдан буён ишлаяпмиз.

Шаҳрисабзда эса, қўпол қилиб айтганда, ўша вақтда бизда бу тажриба бўлмаган. Маданият вазирлиги томонидан қилинадиган ҳужжатлар ҳам ўз вақтида ишланмаган. Шу сабабдан ана шу муаммо келиб чиққан.

Ўйлайманки, Шаҳрисабз ЮНЕСКО рўйхатидан чиқиб кетмайди», – деди вазир.

Ботир Зокиров Шаҳрисабз шаҳридаги қурилиш ишларидан олдинги вазиятни ҳам шарҳлаб ўтди.

«Мен қурилишлардан олдин у жойда ўзим бўлганман, қўпол қилиб айтганда, ярим сотих жойда еттита оила яшарди. Кирганда қўрқиб кетганман, одамларнинг ранги сарғайиб кетган. Ана шу уйларни бузаётганда бир нарсага гувоҳ бўлдим. Одамлар бир неча йилдан буён яшаяпти, ичкарида ҳеч қандай шароит йўқ, на сув тармоғи, на канализация, маданий бирор нарса бор, чидаш қийин. Лекин одамлар яшаяпти. Уларнинг ҳаммасига компенсация, ер, уй-жой берилди.

Энди одамлар кўчиб чиққач, у ернинг остини ўргансак, уч қаватдан иборат қабрлар чиқяпти. Уч қават! Қандай қилиб бундай яшаш мумкин эди? Қашқадарёда бундай муаммолар кўп. Хўжаи Жарроҳда ҳам реставрация ишлари кетаётганда бунга гувоҳ бўлгандик. Уч қават қабрнинг устида одамларнинг яшаши, менимча, тўғри эмас.

Тўғри, ЮНЕСКО қандай бўлса шундай қолишини айтади. Тошдан қилинган биноларни бузмаслик бўйича муаммо йўқ. Лекин биз айтган уйлар энг кўпи 150 йиллик оддий лой, пахса ва синч уйлар. У ерда термит муаммоси бор, уйларнинг ҳаммаси «чарчаган». Уларни узоқ вақт сақлаб бўлмайди. Мана шу сабабдан биз лойиҳа қилиб, шаҳарнинг тарихий ўқини очдик. Буни ҳам ҳаммасини ҳисобга олиб қилганмиз. 7-8 ой муҳокама бўлди.

Бизда ҳозир махсус сканерлар билан 40 метргача ер остини ўрганиш имкони бор. Ана шу ускуналар билан ҳудудни ўрганиб, топилган қадимий бино қолдиқларини корсервация қилиб қўйганмиз. Тарихий ўқ очилган.

Энди шароитлар ҳам бор, канализация, водопровод ҳам қилинган. ЮНЕСКОнинг талабини бажариш керак, лекин одамларга ҳам шароит қилиш керак эди», деди қурилиш вазири.

Top