Спорт | 11:24 / 19.04.2021
26919
12 дақиқада ўқилади

Футболда янги давр. Аср «блефи»ми ёки Суперлига лойиҳаси амалга ошадими?

Европа футболида шундай бомба портладики, оқибатда, футбол ўз тарихида ҳали мислини кўрмаган ўзгаришларни бошдан кечириши мумкин.

Фото: Gettyimages.ru/Catherine Ivill

Дунёнинг энг бой ва кучли 12 клуби Суперлига тузишаётгани ҳақида расман эълон қилишди. Бу лойиҳа бир неча йилдан бери мавжуд бўлса-да, бир қатор сабаблар, хусусан, УЕФАнинг баъзи қарорлари, топ-клубларнинг даромадларни кичик клублар билан бўлишишни истамаётганликлари уни кун тартибига чиқарди. Пандемия давридаги молиявий зарбалар эса лойиҳанинг тезлашишига асосий сабаб бўлди.

Турнир ҳақида расман эълон қилинишини олдиндан сезган УЕФА «қўрққан олдин мушт кўтарар» қабилида эртароқ ўз позициясини эълон қилди – ушбу лойиҳага қатнашувчи клублар миллий чемпионатлардан ҳам чиқариб юборилиши ва футболчилар ҳатто миллий терма жамоалар сафида ҳам майдонга тушиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ҳақида огоҳлантирди.

Бу уриниш таъсир қилмади, Флорентино Перес бошчилигидаги турнир ташкилотчилари Суперлига мана шу йил августидаёқ старт олиши ҳақида баёнот берди. Ортидан клублар ҳам расман буни тасдиқлай бошлади.

УЕФА эса навбатдаги зарбасини берди: Жорий ЕЧЛ ва ЕЛ мусобақалари тўхтатилади. Масала юзасидан тезкор мажлис чақирилиб, «исёнкор клублар»ни ҳозир бўлиб ўтаётган еврокубоклардан дисквалификация қилиш чораси кўрилиши ҳам мумкин. Ҳатто Суперлиганинг ҳар бир клубини 50-60 миллиард евролик суд даъвоси кутмоқда.

Жуда кўп манфаатлар, масалан, футболчиларнинг ўз терма жамоалари шарафини ҳимоя қилиш истаги, мухлисларнинг иродаси, ҳатто еврокубоклар трансляциясини сотиб олиб, пулини тўлаб қўйган телеканаллар, ҳомийлар ва яна бир қатор томонлар бир четга сурилиб, икки томон бир-бирига принципиал бораётгани бироз кулгили. Худди, ким кимга кўпроқ муҳтож экани борасида тортишув бошланаётгандек.

Хўш, Суперлига ўзи нима?

ФИФА, УЕФА каби ташкилотлар билан топ-клублар ўртасидаги зиддиятлар анчадан бери мавжуд. Футболда катта пуллар айланиши маълум, тилга олинган ташкилотлар эса доим каттароқ қисмга эга чиқишга уринади. Айниқса, терма жамоалар билан боғлиқ мусобақалар доим клубларнинг манфаатларига тўсиқ қўйиб келган. Футболчиларга катта суммалардаги маошлар тўлайдиган клублар терма жамоа йиғинлари туфайли кўп йўқотишларга учрайди, жароҳатлар содир бўлади. Қолаверса, УЕФА Европа чемпионати иштирокчилари сонини ва форматини ўзгартириши, Миллатлар Лигаси каби келажаги шубҳали бўлган турнирларга асос солиши доим клубларни жиғибийрон қилиб келган.

Бунинг устига, топ-клублар доим еврокубоклардан даромадлар иштирокчилар ўртасида адолатли тақсимланмаётганидан норози бўлиб келади. Масалан, Чемпионлар Лигасининг асосини ва жозибадорлигини таъминлайдиган клублар якунда шу қадар оз сумма оладиларки, бу бирор трансфер нархининг ярмини ҳам қопламаслиги мумкин баъзида. Чемпионлар Лигаси формати, айниқса, гуруҳ босқичида жамоалар сони кўпайгани муносабати билан қизиқарсиз бўлиб қолаётгани ҳам сир эмас.

УЕФАнинг асосий функцияларига нафақат молиявий даромад олиш, балки қитъа футболини ривожлантириш ҳам киради. Айтиш мумкинки, бу асосий вазифа билан мусобақалардан молиявий даромад олиш баъзида бир-бирига терс келиши мумкин бўлган манфаатлардир. Бир томонга урғу берилганда, табиийки, тарозининг нариги палласи жабр чекаверади. Натижада УЕФА жуда кўп топ-клублар иштирок этадиган турнирдан ҳатто АПЛ оладиган маблағни ҳам топа олмайди.

«Биз футболга миллионларни сарфлаяпмиз, шу пуллар билан бутун футболни ушлаб турибмиз, футболчиларга ойлик тўлаяпмиз, лекин сизлар биз учун мана шу харажатларни қоплай оладиган турнир ташкил қилиб бера олмаяпсизлар. «Динамо» Загребга қарши майдонга туш, Қозоғистонга бориб «Астана» билан куч синаш, деяпсизлар, лекин бу ўйинлар учун пулни биз тўлаяпмиз. Яхшиси, сизлар четга чиқиб туринглар, халқаро турнир керакми, буни ўзимиз ташкил қиламиз. Пулларимизни тўғри йўналтирадиган тизим яратамиз, биз пул сарфлаяпмизми, даромад ҳам бизники, учинчи дунё клубларини ривожлантиришга мажбур эмасмиз», – деб ҳайқирмоқда топ-клублар жамоати.

«Бу миллионлар фақат Сизнинг харажатларингиз туфайли эмас, узоқ йиллар мобайнида қўйилган пойдевор, ўзгармас қадриятлардир. Биз яратган пойдевор устига ўз иморатингизни қўя олмайсиз», – деб жавоб беради УЕФА ва миллий ассоциациялар.

Хуллас, «Реал» раҳбари Флорентино Перес бошчилигида, «Манчестер Юнайтед» эгалари бўлмиш Глайзерлар, «Ювентус» президенти Андреа Аньелли ва бошқалар ҳозирча 12 клубдан иборат Суперлигага асос солишди. «Реал», «Барселона», «Атлетико», «Милан», «Интер», «Ювентус», «Манчестер Юнайтед», «Манчестер Сити», «Арсенал», «Челси», «Тоттенҳэм» ва «Ливерпуль» клублари мана шу 12таликни ташкил қилишмоқда. Айтилишича, яна 3 клуб қўшилади. Франция ва Германия чемпионати вакиллари лойиҳадан четда туришибди.

Немис клублари мавжуд тизим ва структурани бузишни исташмаяпти. «ПСЖ» билан эса сал бошқача – клуб президенти Носир Ал-Хелайфи УЕФА директорлар кенгаши аъзоси ҳисобланади ва бунинг устига, у Чемпионлар Лигаси трансляциясини сотиб олган beIN Media Group’ни ҳам бошқаради.

Режа бўйича, бу турнир миллий чемпионатлар билан параллел тарзда, ҳафта ўртасидаги кунларда ўйналади. Яъни Чемпионлар Лигаси ва Европа Лигаси каби турнирлар ўрнида. Турнир мақсадига кўра, 20 жамоа икки гуруҳ шаклида давравий тизимда 18тадан ўйин ўтказади. Гуруҳлардаги дастлабки учтадан жамоа чорак финалга чиқади. Қолган 2 иштирокчи плей-офф ёрдамида аниқланади. Чорак финал ва яримфиналлар уй-сафар тизимида, финал эса, нейтрал майдонда бўлиб ўтади.

Турнирнинг бош ҳомийси JP Morgan 4,6 миллиард евро пул тикишга тайёр. Йирик банк бу харажатларни келажакда трансляция ҳуқуқларини сотиш орқали қопламоқчи.

Суперлигани шунингдек, ёш лойиҳалар ва стартаплар билан шуғулланадиган Key Capital Partners ҳам қўллаб-қувватлайди.

Corriere dello Sport маълумотига қараганда, DAZN трансляция ҳуқуқлари учун 3,5 миллиард евро тўлашга тайёр.

Ташкилотчи 15 клубга ҳаммаси бўлиб 3,1 миллиард фунт берилади. Бу пуллар янги стадионлар ва базалар, шунингдек, пандемия даврида бўш стадионлар туфайли бўлган йўқотишларни қоплашда ишлатилади.

Шу билан бирга, Суперлигада қатнашадиган ҳар бир клуб 350 миллион евродан пул олади.

Товуқ олдин пайдо бўлганми ёки тухум?

Бу савол Лигалар ва клублар ўртасидаги муносабатларни ҳам акс эттириш учун ишлатса бўладиган савол. Тўғри, кучли клубларсиз лигаларга ҳам нон йўқ. Агар Ла Лигадан «Реал» ва «Барселона», Англиядан Топ-6 клублари чиқиб кетадиган бўлса, ушбу турнирларнинг аҳволини тасаввур қилиш қийин. Умуман, клублар миллий чемпионатлардан воз кечишмаётган, Суперлига еврокубокларга муқобил сифатида ташкил қилинаётган бўлса-да, УЕФА айнан федерациялар орқали клубларга босим ўтказмоқчи.

Буни ҳам тушунса бўлади – миллий чемпионатлар клублар учун тарихий асос, муҳим қадрият ҳисобланади. Миллий чемпионатлардан воз кечиб, клуб нафақат борлиғини йўқотади, балки мухлислар билан муносабатларда ҳам панд ейди.

«Суперлига ҳақида гапириш Европа футболининг 70 йиллик тарихидан воз кечиш демакдир. Миллионлаб мухлислар мусобақаларнинг ҳозирги кўринишини севадилар. Агар «МЮ» тушунарсиз бу турнирнинг орқасида турадиган бўлса, ўз тарихига, анъаналарига болта урган бўлади. Мен бунга қаршиман», - деди Сэр Алекс Фергюсон.

Бошқа тарафдан, лигалар ҳам топ-клубларсиз қолишни исташмайди. АПЛ ўз баёнотида ҳозир мавжуд шартлар ва форматларни қўллаб-қувватлашини, бу хусусда клублар билан музокаралар ўтказишини расман маълум қилди. Лига шундай вазиятда қолганки, ҳатто УЕФАга қарши бориб, Суперлига ғоясини қувватлаган тақдирда ҳам, бугунги мавжуд Лигани қисман йўқотади. Чунки қаранг, АПЛни ҳозирда қизитиб турган жиҳат айнан Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашлар, тўғрими? Шунчаки, сиғмай қолаётгани учун доим ЕЧЛ ташқарисида қолиш «Тоттенҳэм» ёки «Арсенал» каби топ-клубларнинг зарарига ишласа ҳам, АПЛ учун айни муддао, 7-8 клубнинг ЕЧЛ учун курашиши бевосита Лигани ҳам қизиқарли қилади. Суперлига иштирокчилари доимий бўлишини ва АПЛ орқали чиқилмаслигини инобатга олсак, топ-клублар ички чемпионатдаги 3-4 ўринлар учун курашмай қўйишлари мумкин. Бу ҳам АПЛ учун катта зарба бўлади. Худди шу мулоҳазаларни биз А Серия ёки Ла Лигага нисбатан ҳам айтишимиз мумкин.

Мухлислар учун ҳам, иштирокчилар чекланган ва белгиланган турнир ёқмаслиги мумкин. Ҳа, ҳар мавсумда жуда кўп топ-учрашувлар гувоҳи бўлиш мумкин бўлса-да, потенциал равишда «Лестер» каби жамоалар чемпион бўлиш имкониятига эга бўлган, «Аякс», «Порту», «Севилья» ва бошқалар ҳам гранд рақиблар билан тенглашишга уринадиган мусобақалар янада жозибадор ва халқона кўринади. Ҳар ҳолда, футбол фақат пулдан иборат эмас. Кўпчиликнинг наздида, клубларнинг бошига келган бизнесменлар футболни фақат ўз даромадлари учун инструментга айлантириб қўймоқда. Бу йўлда чуқур илдизли анъаналар, футболни шу даражага олиб келган қадриятлар оёқости қилинмоқда. Ёки масалан, «Реал» ва «Барселона» каби клублар ҳиссадорлик жамиятлари саналишади ва бундай кескин қарорлар у ердаги жамоатчилик, мухлислар томонидан қандай қарши олиниши номаълум.

Бунинг устига, янада каттароқ босим – терма жамоа мусобақаларидан иштирокчи футболчиларнинг дисквалификация қилинишидир. Бу биринчидан, футболчиларни ҳозир мавжуд шартномаларни қайта кўриб чиқишга ундайди, иккинчидан, келажакда ҳам бир қатор муаммолар келтириб чиқаради.

Футбол бутунлай икки оламга бўлиниб қолади. Гўёки, худди боксдагидек, профессионал ва ҳаваскор тоифага ажралиши мумкин. Бу ҳам охири номаълум бўлган бир йўл.

Хулоса

Глайзерлар деймизми ёки араб инвесторларми, ҳар қанча футболдан бегона одамлар бўлишмасин, бизнесни яхши тушунишади. Ғоя ҳар қанча жозибадор бўлмасин, бундай радикал йўлдан бориш ҳатто бугунги шартларни ҳам хавф остига қўйишини, бу соҳада принциплар ортидан кетиш оқибати катта риск эканини баҳолай олишлари шубҳасиз. Вазиятнинг қай томонга кетиши номаълум йўл ортидан бугунги позицияни ҳам бой бериб қўйишдан қўрқишлари ҳам табиий.

Аслида, «ичкарида» умуман бошқача кураш кетаётгани, тарафлар вазиятга анча адекват ёндашаётганликларига, биз ўқиётган кескин баёнотлар эса, маълумот сифатида эмас, бир-бирига босим ўтказиш, қўлларида муқобил вариант борлигини кўрсатиш учун ишлатилаётган бир «блеф» эканига ишонгимиз келади.

Назаримда, барибир, Суперлига лойиҳаси айтилаётган пайтда, ҳатто яқин йилларда амалга ошмайди. Ҳар икки томонда ҳам ўз устунликлари, қарши тарафга босим ўтказиш инструментлари мавжудки, бундай шароитлардаги музокаралар доим қандайдир келишув билан ниҳояланади. УЕФА қайсидир позициялар бўйича клубларни тинглайди, қайсидир нуқталарда чекинади ва бугунги футболни сақлаб қолишга эришади, деб ўйлайман.

Суперлига лойиҳаси эса, бугун бўлмаса, эртага амалга ошади. Бугунгидек, жанжал билан, ёмон оқибатлар билан эмас, ҳамма томонни рози қилган ҳолда, дипломатик йўллар билан, аста-секин. Ана ўшанда Суперлига ҳеч қандай революцион ўзгаришларсиз, шунчаки ЕЧЛга ўринбосар турнир сифатида кириб келади. Суперлигадан ташқарида қолган клублар эса, худди бугунги Европа Лигаси каби, УЕФА турнирида ўйнайверишлари мумкин балки.

Амалга ошмаган тақдирда ҳам, лозим бўлганда УЕФАга босим ўтказиш учун ўз «қизил кнопкаси» билан Перес кабиларнинг чамадонида сақланиб туриши аниқ.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид

Эълонлар