Бунга сабаб Европа суди қарори: унга кўра Суперлига масаласида клубларга босим ўтказган УЕФА ва ФИФА ҳаракатлари ноқонуний деб топилди. Бирданига бу хабар ортидан Флорентино Перес ва бошқа шахсларнинг баландпарвоз баёнотлари, гўёки УЕФА монополиясига чек қўйилгани ҳақидаги ишончли гаплар ва ҳатто Суперлига мусобақасининг форматидан тортиб тахминий саналаригача эълони қилиниши кўпчиликни эсанкиратиб қўйгани табиий. Нима бўляпти?

Бироз ўтиб ҳаммаси анча мураккаб экани ойдинлашди, бирин-кетин клублар аввалги позициясини эслатиб, бу лойиҳадан ташқарида экани ҳақида расмий баёнот бера бошлади. Ахборот оқими шу қадар кўпки, воқеанинг асл жиддияти ва қамрови ҳақида нотўғри таассуротлар жуда кўп. Келинг, ойдинлаштирамиз, аслида нима бўлди ва келажакда нима кутилмоқда?

Ибтидо

Бу лойиҳа айнан қандай ғоялар асосида пайдо бўлгани ва унинг асосий мазмуни кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Анчадан бери УЕФА ва йирик клублар, нафақат клублар, балки миллий жамоалар ўртасида зиддиятлар мавжуд. Бу турли фикрлилик замирида приоритетлар ва табиийки, молиявий тақсимотлар ётади.

Содда қилиб айтганда, УЕФА эгидаси остида ўтадиган мусобақалар, айниқса, Чемпионлар Лигаси каби йирик турнирлар асосан йирик клубларнинг шарофати билан бу қадар жозибадор экан, асосий сўз ҳаққи ҳам, каттароқ молиявий улушлар ҳам айнан топ-клублар фойдасига ҳал этилиши кераклиги талаб қилинади. УЕФА эса аксинча, айнан Чемпионлар Лигаси каби қизиқарли ва томошабоп турнир сабабли клублар ўз брендларини илгари суриш, кўпроқ фойда олишга муваффақ бўляптими, демак, якуний сўз айнан ташкилотда бўлиши кераклиги борасида қатъий туради.

Шунингдек, Европа ва ЖЧ саралашлари, ЕЧЛ гуруҳ босқичи топ-клублар учун ҳам спорт нуқтайи назаридан, ҳам матч-дэй даромадлари нуқтайи назаридан самарали эмас, деб ҳам ҳисоблаб келинади. «Бавария»нинг шартли «Астана» билан ёки Париж юлдузларининг андорралик яримпрофессионаллар билан ўйнашга мажбур бўлишидан ҳеч қандай наф йўқ, аксинча, бу миллионлаб пул сарфланган активлар бўлмиш футболчиларнинг жароҳатланиш рискини ҳам оширади. Кичик жамоалар катта ўйинларга бўлган қизиқиш шароитида даромадини оширса, катта клублар нокерак ўйинлар туфайли йўқотишларга учраб боради.

Яна бир парадокс шундаки, айтайлик, «Фейенорд» ёки «Базел» каби клублар айнан «Реал» ёки «Манчестер Сити» билан турнирларда иштирок этиб, яхшигина даромад олишлари натижасида молиявий мустақиллиги ортиб боради ва айнан ўша «Реал» харидор бўлган ўз футболчисига бемалол баланд нарх қўя олади. Яъни қисман «Реал»нинг ўзи бойитган клуб «Реал»дан трансфер учун кўпроқ пул талаб қилишни бошлайди. Топ-клубларнинг давомли эътирозлари ва қандайдир ўзгаришни амалга ошириш истаги аксарият ҳолларда УЕФА томонидан тингланмади. Қисман Миллатлар Лигаси турнири ташкил этилиши қайсидир маънода федерацияларга қўшимча даромад манбайи сифатида кўзда тутилган бўлса-да, айтиш мумкинки, лойиҳа у қадар ишончни оқламади. Айниқса, пандемия шароити ҳатто энг бой клубларни ҳам маълум вақт спорт натижаларидан ҳам кўра молия ҳақида қайғуришга мажбур қилиб қўйди.