Жамият | 18:21 / 21.04.2021
2852
2 дақиқада ўқилади

Пахтачида физика-матeматикага ихтисослашган мактаб ташкил этилиши мумкин

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар беришича, халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Пахтачи туманида физика-математикага ихтисослашган мактаб ташкил этиш имкониятларини ўрганган.

Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандга ташрифи доирасида турли соҳа вакиллари, зиёлилар билан учрашувда Пахтачи туманидаги 9-мактаб ёшлар етакчиси Муқаддас Мустафоеванинг физика-матeматикага ихтисослашган мактаб-интернат ташкил этиш бўйича берган таклифи қаноатлантирилиб, халқ таълими вазирига топшириқлар берган.

«15-16 апрел кунлари Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандга ташрифи доирасида турли соҳа вакиллари, зиёлилар билан учрашиб, уларнинг таклиф ва ташаббусларини тинглади.

Пахтачи тумани 9-мактаб ёшлар етакчиси Муқаддас Мустафоева Пахтачида ҳам Қоракўл мактабидек ихтисослашган мактаб-интернат фаолиятини йўлга қўйиш, бу борада кенг имконият яратилса, туман ёшларининг фанларни чуқурлаштириб ўзлаштириши ва келгусида муваффақиятларга эришиши юзасидан таклиф билдирди.

Президентимиз Муқаддас Мустафоеванинг таклифини қўллаб-қувватлади ва халқ таълими вазири Шерзод Шерматовга ушбу таклиф юзасидан зарур топшириқлар берди.

20 апрел куни халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Пахтачи туманида бўлиб, собиқ автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежи биноси ўрнида физика ва математика фанларига ихтисослаштирилган мактаб-интернати фаолиятини йўлга қўйиш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Бинонинг белгиланган талабларга жавоб бериши, малакали ўқитувчиларни жалб қилиш, ўқувчиларни ётоқхона билан таъминлаш имкониятларининг мавжудлигини ўрганди.

Дарҳақиқат, мактаб-интернат ташкил этиладиган бино 2009 йилда қурилган, 850 ўқувчи ўрнига эга 25 та ўқув хоналаридан иборатдир», дейилади Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати маълумотида. 

Мавзуга оид