Иқтисодиёт | 20:02 / 21.04.2021
11412
2 дақиқада ўқилади

Ташқи савдо статистикаси маълум қилинди. Олтин ҳисобисиз экспортда ўсиш кузатилди

2021 йил 1-чорагида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11,6 фоизга камайди. ТСАда МДҲ давлатларининг улуши 40 фоиздан ошди.

Давлат статистика қўмитаси Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси бўйича биринчи чорак ҳисоботини тақдим этди.

Қайд этилишича, 2021 йилнинг январ-март ойларида республиканинг ташқи савдо айланмаси 7,1 млрд АҚШ долларини ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 930 млн долларга ёки 11,6 фоизга камайди.

Хусусан, ҳисобот даврида экспорт ҳажми 2,4 млрд долларни ташкил этди ва 26,5 фоизга камайди. Бироқ олтин ҳисобисиз экспорт 6 фоизга ошди. Жаҳон бозорида олтин нархи тушиб кетиши фонида, Ўзбекистон 7 ойдан буён олтин экспорт қилмаяпти.

Экспортнинг 26,6 фоизи тўқимачилик маҳсулотларига тўғри келди. Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда, бу йўналишдаги экспорт ўсиши – 37,8 фоиз.

Биринчи чоракда импорт ҳажми 4,7 млрд долларни ташкил этди, бу – бир йил олдингига нисбатан 1,3 фоизга кам.

Ҳисобот даврида 2,3 млрд доллар қийматида манфий салдо қайд этилди.

Ўзбeкистоннинг асосий савдо ҳамкорлари

Ташқи савдо айланмасининг нисбатан салмоқли ҳиссаси Хитой (20 фоиз), Россия (18 фоиз), Қозоғистон (12,2 фоиз), Туркия (9,2 фоиз), Корея (5,7 фоиз), Қирғизистон (2,6 фоиз) ва Афғонистонда (2,3 фоиз) қайд этилган.

2021 йилнинг январ-март ойларида ташқи савдо айланмасида МДҲ давлатларининг улуши 40,3 фоизни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан улуши 4,8 фоизга кўпайган.

Ўзбекистоннинг МДҲ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси 2021 йил январ-март ҳолатига 2,8 млрд АҚШ долларини ташкил этди. Шундан экспорт – 939,9 млн долларга етган бўлса, импорт – 1,8 млрд доллар қийматида қайд этилди.

Евросиё иқтисодий иттифоқи билан Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 2,4 млрд АҚШ долларини ташкил этди. Шундан экспорт ҳажми 766,1 млн доллар, импорт ҳажми эса 1,6 млрд доллар.

Мавзуга оид