16:17 / 23.04.2021
4555

2021 йилнинг уч ойи мобайнида «103»га 2 мингга яқин асоссиз чақирув бўлган - ССВ

Аҳолининг “Тез ёрдам”га мурожаатлари 2020 йилнинг шу даврига нисбатан камайган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

2021 йил биринчи чорагида тез тиббий ёрдам хизматига 2 млн 709 минг 135та чақирув келиб тушган. Шундан 1 минг 874таси асоссиз мурожаат экани аниқланган.

Шундан Фарғона, Андижон вилоятларида 300 мингдан зиёд, Тошкент, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ҳамда пойтахтда 200 мингдан ортиқ чақириқлар қайд этилди.

Асоссиз чақириқларнинг энг кўпи Сурхондарё вилоятида қайд этилиб, бу рақам 497тани ташкил қилди. Шунингдек, Фарғона вилоятида 387та, Тошкент вилоятида 249та, Қашқадарё вилоятида эса 204та асоссиз чақириқ тез тиббий ёрдам хизматига келиб тушди.

Солиштириш учун, 2020 йилнинг айни шу даврида тез тиббий ёрдам хизматига 3 миллиондан зиёд чақириқ келиб тушгани инобатга олинса, 2021 йилда мурожаатлар сони камайганини кўриш мумкин. Буни 2020 йилдаги пандемия шароити билан боғлаш ўринли.

“Бугунги кунда “103” хизмати малакали ходимлар, замонавий ҳамда барча зарур тиббий жиҳозларга эга ихтисослашган автотранспорт воситалари билан тўлиқ таъминланган бўлса-да, айрим ҳолатларда кечикиб бориши кузатилади.

Бундай кечикишларга фуқаролар томонидан бўладиган манзили аниқ кўрсатмаслик, етиб борганда эшик очмаслик ёки беморнинг жойида бўлмаслиги, чақириқни рад этиш каби ҳолатлар сабаб бўлмоқда”, дейилади хабарда.

Top